Жамоат ҳожатхоналарига ер ажратишдаги қинғирликлар аниқланди
Туризм соҳасида асосий муаммоларидан бири — замон талабларига жавоб берадиган санитария - гигиена шохобчалари (СГШ), яъни жамоат ҳожатхоналари етишмаслиги.
Мамлакатимизда 25 млн.дан зиёд хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун меъёрга асосан ўртача 12,5 мингта СГШга эҳтиёж мавжуд.
Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида 2019-2021 йилларда СГШлар қуриш учун ер участкалари аукционсиз берилган. Ушбу имтиёздан айрим “тадбиркорлар” умуман фойдаланмаган бўлса, айримлари уддабуронлик билан фойдаланган.
Бош прокуратура хабарига кўра, ўрганишлар асосан ҳокимликлар томонидан 485 та ёки ҳар тўртта мурожаатлардан учтасига ер участкалари ажратилмаганлигини кўрсатмоқда.
Ажратилганларида эса СГШлар қурилиши, ишга туширилиши ўрганилмаган ёки масъуллар томонидан бу борада ноқонуний қарорлар қабул қилинган.
Ёки, СГШ учун ажратилган 41 та ер майдонида савдо, маиший хизмат ва овқатланиш масканлари қурилиб, уларга эгалик ҳуқуқи ноқонуний расмийлаштириб берилган.
Жумладан, Самарқанд шаҳри ва Миробод туманида 1 тадан, Ангрен 2 та, Учтепа ва Паркентда 3 тадан, Олмалиқ шаҳри, Гулистон ва Оқолтинда 4 тадан, Мирзаободда 8 та ва Сардобада 11 та шундай ҳолат аниқланган.
Шу жумладан, ер участкалари ўлчамига (80-100 м2) қўйилган талаблар ҳам қўпол равишда бузилган.
Бош прокуратура аниқланган ҳолатлар юзасидан мутасаддиларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.