Жамоат парклари: Гўзалкентдаги хиёбон қайта тикланади

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш билан боғлиқ тадбирлар режасида барча шаҳар ва туманларда ҳар 50-100 минг нафар аҳоли учун жамоат паркларини ташкил этиш вазифаси белгиланган. Хўш, вилоятимизда мазкур йўналишда қандай ишлар олиб бориляпти?

Биз ушбу жараённи Паст Дарғом тумани мисолида ўрганишга ҳаракат қилдик.

Тумандаги биринчи жамоат парки қуриладиган манзил - Гўзалкент маҳалласига етиб бордик. Унга туташ Олти Қаҳрамон, Пахтакор, Зормон, Гулистон маҳаллаларини қўшиб ҳисоблаганда, ҳудуддаги аҳолининг ўзи 15 минг нафардан ошар экан. Эътиборлиси, парк бир вақтлар Гўзалкентнинг ташриф қоғози бўлган, айни кунда қаровсиз ҳолатдаги хиёбон ўрнида ташкил этилади.

– Илгари хиёбонимиз доимо аҳоли билан гавжум бўладиган кўркам ва манзарали маскан эди, - дейди Гўзалкент маҳалласи раиси Илҳом Норбоев. – Кейин у қаровсиз қолдирилди, ҳеч бир масъул ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришга эътибор қаратмади. Маҳаллада эса бунинг учун маблағ йўқ. Йиллар давомида хиёбонни ён-атрофдаги хонадон эгалари ободонлаштириб турди. Бу вақт давомида уни дарахткушлардан ҳимоя қилиш учун ҳам озмунча заҳмат чекмадик.

Дарҳақиқат, хиёбон ҳудудида кўкка бўй чўзиб, ён-атрофга салқинлик улашиб турган 50-60 йиллик чинор, каталпа, турли арча дарахтларини кўришингиз мумкин. Боғда суғориш тизими носозлиги сабабли айрим жойлардаги дарахтлар аллақачон қуриб, очиқ майдончалар ҳосил бўлган. Маҳаллий аҳоли билан суҳбатимиз чоғида кўпчилик жамоат паркини қуриш баҳонасида мавжуд дарахтлар ҳам кесилишидан хавотир билдирди.

– Хиёбон ҳудудида 400 тупга яқин дарахт мавжуд, - дейди туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Акмал Турсунов. – Уларнинг барчаси тегишли реестрга киритилган, кесилишига йўл қўйилмайди. Парк учун жой танлашда бу ҳам инобатга олинган. Лойиҳа бўйича хиёбонни яшил маконга айлантириш ва унда фуқароларнинг табиатдан баҳраманд бўлиб, маънавий ҳордиқ чиқариши учун барча шароитларни яратиш белгиланган. Яъни, лойиҳа нафақат фуқароларнинг қулайлигига, балки ҳудуддаги экологиянинг яхшиланишига ҳам хизмат қилади.

Бу тумандаги ягона лойиҳа эмас. Олти Қаҳрамон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Анҳор канали қирғоғида ҳам яшил жамоат паркини ташкил этиш режалаштирилган. Биз айни мақсадда ажратилган 50 сотих ерни бориб кўрганимизда, ерни тайёрлаш, атрофини ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилганига гувоҳ бўлдик.

Ҳудди шундай парклар Оқдарё туманининг Мустақиллик маҳалласи ҳудудида бўш турган 0,7 гектар, Пахтачи туманининг Шамсназар маҳалласи ҳудудида бўш турган 1 гектар, Пайариқ туманининг Хўжа Исмоил маҳалласи ҳудудида бўш турган 3,5 гектар ер майдонида ташкил этилиши белгиланган. Бошқа туманларда ҳам қарор ижроси бўйича ишлар олиб борилмоқда.

– Жорий йилнинг куз мавсумида вилоятда жами 64,15 гектар ер майдонида яшил жамоат паркларини ташкил этиш режалаштирилган, - дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси биохилма-хилликни асраш, рақамлаштириш ва кадастрни юритиш бўлими бош мутахассиси Мухлисхон Бузруков. – Бундан ташқари, шу даврда 19,12 гектар ер майдонида 16 та ҳокимлик боғи, шунингдек, давлат ташкилотлари томонидан 50 сотихдан 2 гектаргача ер майдонида ташкилот боғлари барпо этилади. 7 та шаҳар ва тумандаги 28,4 гектар ерда «яшил боғ»лар ҳамда атроф-муҳитга зарарли таъсири хавфи 1 ва 2-тоифага кирувчи йирик саноат корхоналари томонидан 71,8 гектар майдонда 120 минг туп дарахт кўчати экилиб, «яшил белбоғ» ташкил этилади.

Маълумотларга кўра, вилоят ҳудудида 2023 йилнинг баҳор мавсумида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 10 миллион 364 минг дона мевали ва манзаралари дарахт ҳамда бута кўчатлари экилган. Хусусан, Паст Дарғом туманида бу 1 миллион 78 минг тупни ташкил этади. Мониторинг давомида уларнинг 287 таси қаровсиз қолганлиги сабабли қуриганлиги аниқланиб, 18 та ҳолатда масъулларга жарима чораси қўлланилган.

Асқар Баротов.