Жамоатчилик назорати кучли фуқаролик жамияти асоси

Жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш, ижроия органлари қарорлари лойиҳаларини фуқаролар иштирокида муҳокама қилиш, электрон платформаларни кенг жорий этиш, аҳолининг фуқаролик фаоллигини ошириш  жамиятга нима беради? Давлатга-чи?

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси, “Юксалиш” ҳаракати, Ўзбекистон ННТ Миллий ассоциацияси вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида “Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси лойиҳаси” муҳокамаси бўйича давра суҳбатида шу масалаларга эътибор қаратилди.

Вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган давра суҳбатида “Ўзбекистон-2030” стратегиясида соҳага оид вазифалар ижросини таъминлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларда ННТларнинг ўрни, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини янада ошириш масалалари кўриб чиқилди.

- Кучли фуқаролик жамиятини қуришда давлат ва жамият ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш муҳим аҳамиятга эга, - дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Элёр Улуғмуродов. - Бу масалада қонунчилик базаси етарли мустаҳкам бўлса-да, аммо амалда нималарга эътибор қаратиш керак? Тўғри, фаол фуқаролик жамиятининг асосий омилларидан бўлган ўз-ўзини бошқариш органлари кейинги йилларда тобора такомиллашмоқда. Бундан бир неча йиллар аввал ҳокимият тизимида бўлган хизматлар бугун тўла маҳаллага кўчди, маҳалла еттилиги тизими шаклланди. Ижтимоий тармоқларда фаоллар сони ошди. Аммо ҳали такомиллашишга муҳтож жиҳатлар ҳам кўп. Мисол учун, маҳалла тизими ҳозирча бюджет ҳисобидан шаклланган. Ижтимоий тармоқ фаоллари орасида этика масалалари долзарб бўлмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари лойиҳаларида бугунги кун муаммолари билан боғлиқ долзарб вазифалар кам кўтарилмоқда.

Анжуман давомида иштирокчилар кўтарилган масалалар юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар. Айниқса, давлат органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини кучайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.