Жасур РИЗАЕВ: Ўқимаган талабани «Супер-контракт» бўлса ҳам ўқишдан четлатамиз

Олий таълим муассасалари ичида тиббиёт институтларида таълим олиш анча мураккаб. Сабаби, шифокор бўлиш учун етарлича назарий ва амалий билимга эга бўлиш талаб этилади. Шу боис тиббиёт йўналишидаги талабалар бошқа олий таълим муассасалари талабаларига нисбатан кўпроқ ўқийди. Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев билан суҳбатимиз таълим тизимидаги ютуқлар, янгиликлар ва муаммоларга бағишланди.

- Яқинда Самарқанд давлат тиббиёт институти университетга айлантирилди. Бугун университет хорижий нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда, тажриба алмашмоқда. Айтинг-чи, университетни битираётган талабалар халқаро стандартларга жавоб бера оладими?

- Бугун тиббиёт соҳаси мутахассислари 100 фоиз халқаро талабларга жавоб бера олади, десам нотўғри бўлади. Лекин кейинги беш йил ичида тиббий таълимдаги ислоҳотлар туфайли биз ҳам рақобатбардош, жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган мутахассислар тайёрлашга киришдик. Бу йўлда қўйган қадамларимизнинг илк натижалари ҳам кўриниб турибди. Ўн йил олдин скопус нима экани, жаҳон тан олган журналларда мақолалар чиқариш хаёлимизга келмаган. Мана, энди университетимиз жаҳон тан олган платформаларда ўзининг янгиликларини, илм-фан бўйича ютуқларини бериб боряпти. 2022 йил республикамиздаги ўттизга яқин олий таълим муассасаси Британиянинг Times Higher Education таълим муассасаларининг рейтингига кирган бўлса, унда университетимиз кучли ўнталикда турибди. Республикада ҳозирча биз биринчи ва ягона университет мақомига эга бўлган олий тиббиёт муассасасимиз. Тўқсон йиллик тарихга эга институтнинг университетга айлантирилиши интеграция ва жаҳон талабларига яқинлашиш бўйича қўйилган катта қадам деб ҳисоблайман. Университетда фақат таълим бериш, ўқув жараёни эмас, балки илмий, амалий жараён, инновациялар, илмнинг бевосита амалиётга татбиқ этилиши, ёшларнинг сиёсатга муносабати, маънавий-маърифий муҳит - ҳаммаси мужассам ҳолатда қамраб олиниши керак. Бунга ҳам жаҳон талаблари, Болония таълим тизими талаблари бўйича шаҳдам қадамларни ташлаб келяпмиз.

Охирги уч йилда хорижий етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилди ва бу дастурларнинг киритилиши ҳам жаҳон андозаларига мос, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш учун қўйилган қадам десам, тўғри бўлади. Негаки, университетимиз ичида ички рақобат юзага келди, яъни маҳаллий дастурлар билан таълим олаётган талабалар ва хорижий қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган талабаларни солиштириш, илм олиш даражаси, илм-фан ютуқларини ўқув жараёнига татбиқ қилиш бўйича таҳлилий маълумотларни қилиш имконига эга бўлдик. Биз ҳам Ўзбекистонда етакчи олий таълим муассасаси сифатида брендимизни шакллантиришга, рейтингимизни ушлашга ҳаракат қиляпмиз.

Университетимиз республикадаги энг кўп хорижий талабаларни ўқитаётган олий таълим муассасасидир. Бугун университетда Жанубий Корея, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатлардан келган етти юздан ортиқ талаба ўқимоқда. Бу ҳам хорижий давлатларнинг университетимизга бўлган ишончи деб ўйлайман.          

- Университетда талабалар тураржойи неча фоиз талабани сиғдира олади? Қўшимча талабалар тураржойи қуриляптими?

- Республикамизда барча олий таълим муассасаларидаги сингари бизда ҳам талабалар тураржойи масаласи оғриқли муаммолигича қолмоқда. Ҳозирча талабаларни юз фоиз тураржой билан таъминлаб бериш имконига эга эмасмиз. 8,5 мингдан ортиқ талабанинг 1600 нафари ётоқхона билан таъминланган. Бу муҳтожлик бўйича талаб қилинаётган жойларнинг 50-60 фоизини ташкил қилади. Бугунги кунда Рудакий кўчасида давлат-хусусий шериклик асосида 4 қаватли 550-600 ўринли ётоқхона қуриш ишларини бошлаганмиз. Режамиз бўйича ётоқхонани 1 октябргача фойдаланишга топширамиз. Ётоқхона тадбиркорнинг маблағи асосида қуриляпти. Талаба ётоқхона ижара пулининг маълум қисмини ўзи тўлайди, қолганини давлат тўлаб беради. 

- Америка, Исроил каби давлатларда Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китоби тиббиёт институтларида ўқитилар экан. Бизда-чи?

- “Тиб қонунлари” Ғарб тиббиётининг ривожланишига туртки бўлган асосий манба бўлса-да, афсуски, бизда эътибордан четда қолганди. Охирги икки йилда ташкил қилинган халқ табобати факультетимиз мавжуд. Факультетда халқ табобатида фойдаланадиган гиёҳлар, доривор аралашмалар, умуман, табобат билан боғлиқ бўлган барча усуллар замонавий тиббиётга интеграция қилинган ҳолда мутахассислар тайёрланади. Уларнинг асосий ўқув дастурларига “Тиб қонунлари” киритилган.

- Нега ҳамон мураккаб операциялар хорижий давлатларда амалга ошириляпти? Хорижга бориб даволанишга ҳамма ҳам маблағ тополмайди, албатта. Мураккаб операцияларни ўзимизда бажариш вақти келмадими?

- Ўн йил олдинги тиббиётни эслай оласизми? Одамлар томирга стент қўйдириш учун ҳам Ҳиндистон, Россия ёки бошқа давлатларга боришди. Бугунги кунда юрак хуружи билан мурожаат қилган беморларни стентлаш, аорта коронар шунтлаш, юрак етишмовчилиги билан боғлиқ амалиётлар кам инвазив, лапароскопик усулда амалга оширилмоқда. Ўн йил олдин бу хаёлимизга ҳам келмаганди.

Самарқанддаги кардиология шифохонаси республикада етакчи шифохоналардан бири. Бу ерда барча турдаги кардиожарроҳлик операциялари амалга оширилади. Қорин бўшлиғида бирон бир патологик ҳолат бўлса, лапароскопик асбоб-ускуналар орқали қоринни ёрмасдан операция қилишни биз фақат телевизор ёки интернетда кўрардик. Лекин ҳамма нарсани бирданига ўзгартириш имкони йўқ. Бу нафақат мутахассисларимиз билан боғлиқ жараён, балки қимматбаҳо асбоб-анжомларга ҳам боғлиқ. Икки йил олдин кўп тармоқли 1-клиникамизда бир дона ҳам рақамли рентген аппарати йўқ эди. Бугунги кунда бешта рақамли рентген аппарати бор. Ундан ташқари, энг замонавий 128 кесимли мульти спираль компьютер томография, магнит резонанс томография ускунаси мавжуд. Шу тарзда ривожланадиган бўлсак, албатта, 10-15 йилда жаҳон тиббиёти даражасига чиқиб оламиз.

Айтсак, биров ишонмаслиги мумкин, аммо сентябрь ойида университет мутахассислари жигар трансплантациясини йўлга қўяяпти. Биз зарур асбоб-анжомларнинг ҳаммасини олдик. 6-7 нафар профессор-ўқитувчини Туркияда ўқитдик. Ҳозир бемор билан донорни тайёрлаяпмиз. Буйрак трансплантациясини ҳам Самарқанд шаҳрида амалга оширяпмиз. Буларнинг барчаси ривожланаётганимизнинг исботи. 

- Табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиган талаба эртага яхши тиббиёт ходими бўла оладими? Сизнингча, тиббиёт муассасаларига супер-контракт асосида ўқишга қабул қилиш қанчалик тўғри? Ўтган йили Самарқанд давлат тиббиёт университетига қанча талаба супер-контракт асосида ўқишга қабул қилинди?

- Ўн йил олдин тиббиёт институтларига талабалар таниш-билиш орқали ўқишга кирарди-ку! Биз бунга кўзимизни юмардик, билиб-билмаганликка олардик. Лекин бугун Президентимиз таълимни коррупциядан ажратиш бўйича жуда катта иш қилдилар. Мен 31 июль куни ухласам-да, уйғонсам, 2 август бўлса деб орзу қилардим. Шунақа мураккаб вазият эди, биров илтимос қилса, биров тазйиқ қиларди. Шу ишларни қилмаганим учун қанча тазйиққа учраганман.

Ўтган йили 103 нафар, бу йил 50 га яқин талабани ўқишдан ҳайдадик. Биз ҳам талабларни кучайтиряпмиз. Масалан, ўқишдан четлатилган 103 нафар талабанинг 50 фоиздан ортиғи табақалаштирилган тўлов-контракт асосида таҳсил оларди. Супер-контракт асосида ўқишга кирган бўлса ҳам ўқимаса, уни ўқишдан четлаштирамиз. Бутун дунёда ўқишга кириш осон, ўқиш қийин. Шу пайтгача бизда ўқишга кириш қийин, ўқиш осон бўлган, яъни кирдими, битириб кетган. Аслида олий таълим муассасасига ўқишга кириш эркинроқ бўлиши керак. Қамровни 9 фоиздан 26 фоизга ошириш бу – катта имконият. Ҳозир ёшлар озгина ҳаракат қилса, ўқишга кириб кетади, таниш-билиш ҳам, бошқа йўлларни қидириш ҳам шарт эмас.

Баъзи сабаблар билан яхши ўқиганлар ҳам табақалаштирилганга тушиб қолиши мумкин. Уч-тўрт йил, борингки, ўн-ўн беш йилда супер-контракт барибир йўқолади, чунки натижа шуни кўрсатяпти. Масалан, 2020 йилда 260 нафар талаба табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган бўлса, 2021 йилда 200 нафар талабани қабул қилдик. Йилдан йилга супер-контракт асосида ўқишни хоҳловчилар камайиб бормоқда.

Бизда болаларнинг билим олишга бўлган интилишида ҳам катта муаммо бор. Бола билим олишни ўзи учун кераклигини ҳис қилиши керак. Аммо ҳозирча ҳис қилмаяпти. Ёшларимизда диплом олсам бўлди, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, деган фикр бор. Бу нотўғри фикр, айниқса, тиббиётда. Билими бўлмаса, диплом олгани билан у ҳеч қачон яхши дўхтир бўлмайди.

- Чет давлатларда энг зўр шифохоналар тиббиёт таълим муассасаларида деб айтилади. Сиз раҳбарлик қилаётган университетнинг клиникалари кўпроқ қайси касалликларга мослашган, уларда барча шарт-шароитлар мавжудми?

- Институтни битирганимга 25 йил бўлди. Ўша пайтларда тиббиёт институтини битирган талабалар хусусий клиникага бориб бошқа бир дунёни кўрарди. Хусусий клиникалар давлат шифохоналаридан ривожланиб кетганди. Ҳозир шундай давлат клиникалари борки, ҳеч қайси хусусий клиникада бундай шароит йўқ. Албатта, тиббиёт университетининг клиникалари энг зўр клиника бўлиши керак. Бутун дунёда шундай, чунки у ерда етакчи олим, профессор, доцентлар фаолият кўрсатади. Лекин шунга яраша моддий-техник базаси ҳам бўлиши лозим. Афсуски, узоқ йиллар давомида моддий-техник базани ривожлантиришга эътибор қаратилмади. Мутахассислар ҳам шунга яраша бўлиб қолди. Охирги беш йил ичида бу борада ҳам ўзгаришлар бўлди.

Университетнинг кўп тармоқли 1-клиникасида барча йўналишлар бор. Уларда энг яхши шифокорлар ишлайди. Фақат моддий-техник базамиз бугунги кун талабида эмас. Боя айтганимдек, секин-секин янгиланяпти. Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида Осиё тараққиёт банки, Жаҳон тараққиёт банкининг кредит ва грант маблағлари ҳисобига республикадаги барча олий тиббий таълим муассасаларининг клиникалари қайта жиҳозланяпти. Масалан, клиникамиз биринчи асбоб-анжомларни олди. Бир йил давомида яна уч миллион долларлик асбоб-ускуналар олади. Бундан ташқари, Япониянинг JICA ташкилоти томонидан 80 турдаги асбоб-анжомлар университетимизга бериляпти. Буларнинг ҳаммаси ўқув жараёнини яхшилашга қаратилган.

Биз кечаги тиббиётдан воз кечиб, келажак тиббиёти учун қадам ташлашимиз керак. Кечаги тиббиёт ўз ишини бажарди. Бизга бугунги пойдевор яратди.

  • Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.