ЖЧ-2026 саралаш: Ўзбекистон Эронга қарши 12 йиллик қора анъанага чек қўя оладими?
2026 йилги жаҳон чемпионати Осиё саралаш турнирининг учинчи босқичида олти очко билан пешқадамлик қилаётган футболчиларимиз бугун, 10 октябрь куни соат 19:00 да Тошкент шаҳридаги "Бунёдкор" стадионида вакилларимиз билан бир хил очко тўплаган Эрон миллий терма жамоасига қарши майдонга тушади.
Ўзбекистон – Эрон учрашувидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродов ва ярим ҳимоячимиз Жалолиддин Машарипов Ўзбекистон термаси Эрондан кучли эканлиги, бугунги ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушишларини маълум қилишди.
Эрон терма жамоаси аъзоси Сердар Азмун ушбу фикрларга жавоб қайтарди:
«Ўзбекистон миллий жамоасини ҳурмат қиламиз. Уларга қарши кўп маротаба ўйнадик. Бу сафарги ўйинда 3 очкони қўлга киритиш жуда муҳим. Аммо рақибга нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, Ўзбекистон сўнгги марта бизга жиддий чақирув ташлаб, муаммо туғдирганига 12 йил бўлди. 2012 йилдан буён Эронни мағлуб эта олмаяпти» деди эронлик футболчи.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бўлажак ўйинлардаги имконияти ва жаҳон чемпионатига чиқиши ҳақида қуйидагича фикр билдириш мумкин.
Агар Ўзбекистон Эронга қарши учрашувда ютқазиб қўйса ҳам бу жамоада гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига чиқиш учун яхши имконият сақланиб қолади. Аммо Ўзбекистон ўз уйида ўйнайди ва бу жуда катта устунлик беради. Лекин Эрон жуда тажрибали, Европа чемпионатларида иштирок этаётган кучли ўйинчиларга эга жамоа. Шунинг учун ҳам эронликларни мураккаб сафар учрашувлари чўчитмайди. Ўзбекистон ва Эрон баҳси Осиё саралаш турнирининг октябрь ойидаги марказий учрашуви бўлади.
Агар Ўзбекистон ўз майдонида Эронни мағлуб эта олса, бу Сречко Катанец жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиш учун ташлаган жуда катта қадами бўлади.
Энг муҳим жиҳат – Ўзбекистон ўзи устун бўлган гуруҳдаги бошқа рақиблар, хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари, Қирғизистон ва Корея Халқ Демократик Республикаси каби жамоалардан имкон қадар кўпроқ очко олиши керак.
Қатар ҳақида гапириш бироз мушкул. Чунки Қатар ва Ўзбекистон терма жамоалари даражасидаги фарқ катта эмас. Қатар КХДР билан ўйнайди, ўзбеклар бу терма жамоани мағлуб эта олган. Мусобақа жадвалида қуйида жойлашган жамоаларни енгиш муҳим аҳамиятга эга.
Осиё саралаш турнирининг учинчи босқичида 18 та мамлакат терма жамоалари уч гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро рақобатлашади. Ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки ўринни эгаллаган терма жамоалар тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига йўлланма олади.
Гуруҳда учинчи ва тўртинчи бўлган терма жамоалар саралаш учрашувларини давом эттиради. Охирги икки поғонадаги термалар саралашдаги юришини тўхтатади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси дастлабки икки турда Корея Халқ Демократик Республикаси футболчиларини 1:0 ва Қирғиз Республикаси вакилларини 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, юз фоизлик натижа қайд этган.
Хуллас, бугунги учрашувда Эронни мағлуб этсак ва кейинги ўйинларда очко йўқотмасак, жаҳон чемпионатига чиқамиз. Миллий жамоамиз футболчиларини қўллаб-қувватлаймиз, олға йигитлар, олға Ўзбекистон!