Жиянини пичоқ билан жароҳатлаган тоғага жазо тайинланди

Ичкилик одамни не куйга солмайди, дейсиз. Ҳатто шундай вазиятлар бўладики, бу оғунинг таъсирида тоға ва жиян ўзаро жанжаллашиб, зиддият бир инсоннинг тан жароҳати олиши билан якун топади.

«Катталарга бақирма!»
Бозорнинг кириш эшиги олдидаги тамаддихонада овқатланиб, 100 грамм ароқ ичган Рустам Комилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзи билан кабоб ва қовурилган балиқ олиб, уйига қайтади. Уйга кириб келганда, ичкарида турмуш ўртоғи, опаси ва жияни суҳбатлашиб ўтиришарди. Қўлидаги нарсаларни рафиқасига бериб, ўзи опаси билан гаплашаётганида, жияни Моҳира гапга аралашиб, опасига бақира бошлайди. Бундан аччиғи келган тоға жиянини тартибга чақирмоқчи бўлиб, унга танбеҳ беради ва гапга аралашмасликни тайинлайди. Ёш, қизиққон Моҳира эса бу гапларни қулоғига илмай, тоғасига ҳам бақиради. Спиртли ичимлик таъсирида бўлган эркакка бундай муносабат ёқармиди?! Ғазабдан кўзи қонга тўлган тоға дастурхон устида турган ошхона пичоғини шахт билан олиб, Моҳира томонга отди.

Ўткир тиғ мўлжалда адашмаганди. Пичоқ тўғри бориб, Моҳиранинг қорин қисмига санчилди. Қизнинг қон йўқотаётганини кўрган аёллар дарҳол қорин устига сочиқ босиб, уни шифохонага олиб кетишади.
Туман судига оид тиббий экспертиза бюросининг хулосасига кўра, Моҳира Мамажонованинг баданидаги тан жароҳатлари қорин ўнг ён девори қорин бўшлиғига кириб борувчи ўткир предметдан бир дона санчилгани, кесилган жароҳат экани, жигарнинг еттинчи сигментини шикастлагани, ички қон кетиши, построгеморагик шок 2-даражаси кўринишида бўлгани айтилади.

«Нега мени ҳақорат қилади?»
Бахтли тасодиф туфайли омон қолган Моҳира Мамажонова судда бўлиб ўтган воқеаларни қуйидагича сўзлаб берди:
– Ўша куни бувимнинг қирқи эди. Эрталабдан тоғамнинг уйида йиғилгандик. Кечга томон, тахминан соат 19.00 атрофида тоғам кириб келди. Унинг спиртли ичимлик ичгани кўриниб турарди. Тоғам уйга кириши ҳамон мени ҳақорат қила бошлади. Унга «Нега мени ҳақорат қиляпсиз?», деганимда баттар бақир-чақир қилди. Кейин эса дастурхон устида турган ёғоч сопли пичоқни қўлига олиб, мен томонга отди. Бу шунчалик тез содир бўлдики, нималар бўлганини сезмай қолдим. Қорнимдан иссиқ қон оқаётганини кўриб, қаттиқ қўрқиб кетдим. Холам дарров қорнимга сочиқ босиб, мени шифохонага олиб кетди. Шифохонада неча кун ётган бўлсам, тоғам бирор марта ҳам хабар олмади. На дори-дармонга қарашди, на ҳол-аҳвол сўради.
Ўша куни жиянини туман тиббиёт бирлашмасига олиб борган холаси – Маъмура Исмоилова, жанжални Рустам бошлагани, келтирган кабобини жиянига бўлиб бераётганда, «унга берманг» деб ҳақорат қилганини сўзлаб берди.

Тоға-жиян ўртасида зиддият келиб чиққанда, Моҳиранинг онаси укасиникида бўлмаган. Қизи шифохонага тушиб қолганидан хабар топгач, воқеа жойига етиб келади.
Рустам Комилов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Спиртли ичимлик таъсирида жиянига тан жароҳати етказган тоға гарчанд, қилган ишидан қаттиқ пушаймон бўлган бўлса-да, бу воқеа ҳали кўп вақт опа-уканинг бир-биридан кўнгли совушига сабаб бўлади. Зотан ўйламай қилинган ҳар бир ишнинг охири ана шундай оқибатларга олиб келиши мумкин.

Саиджон БАДРИДДИНОВ,
жиноят ишлари бўйича Чуст тумани суди раиси.
Дилдора ЮСУФБЕКОВА,
журналист.