Жиззахда тадбиркорни 50 миллион сўмга чув туширган шахслар ушланди
2020 йилнинг 2 июль куни 51 ёшли Э.Д. Мирзачўл тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 1 июль куни соат 13:00 да “Н” исмли шахс унга қўнғироқ қилиб, Мирзачўл тумани Ўзбекистон ҚФЙда фермер хўжалиги раҳбари эканлигини, сотиладиган 40 тонна ғалласини савдолашиб нархига келиша олса, сотишини айтганини, шундан сўнг ғаллани кўриш учун шу куни соат 20:30 да Э.Д. бошқарувида бўлган “Gentra” русумли автомашинасида Мирзачўл тумани Ўзбекистон ҚФЙга бориб, автомашинани йўл четига қўйиб, ғаллани кўриш учун “Н” исмли шахс билан тахминан 500 метр далага кирганида, “Н” исмли шахс қочиб кетганлигини, орқасига қайтиб автомашинасини кўздан кечирганида, автомашинанинг олд ойнаси синдирилиб, орқа юкхонасида бўлган 50.000.000 сўм пуллар ўғирлаб кетилганини кўрсатиб, ушбу номаълум шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти берган маълумотга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Мирзачўл тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб анча миқдорда содир этилган ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни 24 ёшли Ш.Х. ва Б.Я., 38 ёшли У.Ю. ва 35 ёшли Д.З.лар содир этганликлари аниқланиб, улардан жами 6.930.000 сўм пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Барча шахслар айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.