Жом: Бир келиб кетинг қишлоғимизга

Жорий йилнинг февраль ойи охирида бошланган ушбу хайрли ташаббус самарасида ташаббускорлар ва ҳомий ташкилотлар томонидан мазкур қишлоқлардаги 761 уй-жойда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Замонавий мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ оилавий поликлиникаси, 420 ўринли “Жом деҳқон бозори” барпо қилинди. Ҳаммом, иккита автобекат, учта автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, 14 савдо ҳамда умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди. Намунавий лойиҳа асосидаги арзон 75 та уй-жой бунёд этилди. Маҳаллалардаги 7,76 километр йўлларга асфальт ётқизилди, 22,1 километр тупроқ йўлга тош қоплама тўшалди. Ҳудудни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 12 та янги трансформатор ўрнатилди, 6 та трансформатор капитал таъмирланди. Иккита ичимлик суви иншооти қурилди ва биттаси реконструкция қилинди.

20 мингдан зиёд аҳоли, мактаб ўқувчилари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. 24 ногиронга реабилитация марказида даволаниш учун ордер берилди.

Ҳудуддаги 22, 23, 45-умумий ўрта таълим мактабларининг йўлаклари янгиланди, спорт заллари таъмирдан чиқарилди, ёритиш чироқлари алмаштирилди. Муассасалар ҳовлиси девор билан ўралди, синфлар янги жиҳозлар билан таъминланди.

Аҳоли хонадонлари ўрганилиб, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга уй жиҳозлари, кир ювиш воситалари, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 14 та кам таъминланган оилага қорамол берилди, 14 нафар ногиронга тикув машинаси, тўрт нафарига ногиронлик аравачалари тарқатилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Бибихоним” ўқув маркази томонидан ўқув курслари ташкил этилди.

Хуллас, ҳудудда амалга оширилган ишлар салмоғини санаб, адоғига етолмайсиз. Муҳими, Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу хайрли ташаббус Жом қиёфасини тубдан ўзгартириш билан бирга, одамларда бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шунинг учун ҳам бу ерда бунёд этилган иншоотларни фойдаланишга топшириш маросимлари катта тантанага айланди. Бажарилган ишлар, ўзгаришлардан мамнунлик ифодаси жомликларнинг юзларида, тилларида ифодаланди.

- Шу ёшга кириб, нафақат маҳалламизда, балки туман қишлоқларида ҳам бундай катта кўламдаги ободончилик ишларига гувоҳ бўлмаганман, - дейди меҳнат фахрийси Норқул Чимирзаев. – Энг катта муаммомизга ечим топилиб, тоза ичимлик суви билан таъминландик. Хонадонларга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилмоқда. Ишсиз фуқароларимизга ҳовлисида иссиқхоналар қуриб бериляпти. Қишлоқдошларимиз уй-жойларининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, эгалик ҳуқуқи белгиланди. Қишлоғимиз ободлигини кўриб, халқимизнинг кўзи қувнаётир.

Тадбирлар давомида Жом маҳалласи ҳудудида 60 ўринли замонавий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.

- Бир-биридан шинам, замонавий жиҳозланган, барча қулайликларга эга ушбу 9-мактабгача таълим муассасасининг бунёд этилиши жомликлар ва уларнинг фарзандлари учун унутилмас воқеа бўлди, - дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Диловар Амирова. – Бинонинг иситиш тизимлари, ётоқхона, ошхона, ёзги ўйингоҳлардаги шароит шаҳардагидан қолишмайди. 12 нафар мутахассис иш билан таъминланган ушбу муассаса қурилишига икки миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.

Шунингдек, тадбирлар доирасида қишлоқ аҳолиси учун арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Халқ ўйинлари, спорт мусобақалари ўтказилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов жомликларни янгиликлар, ўзгаришлар байрами билан қутлар экан, қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва уларга қулай шароит яратиш мақсадини кўзлаган мазкур эзгу ишлар бундан кейин ҳам давом этажагини билдирди. Тадбирда 19 нафар кам таъминланган, имконияти чекланган фуқароларга намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзон уй-жойларнинг калити топширилди. Яна бир гуруҳ оилаларга маиший техникалар, уй-рўзғор буюмлари берилди.

Вилоят раҳбари жамоатчилик вакиллари ҳамроҳлигида қишлоқларда янги барпо этилган қишлоқ оилавий поликлиникаси, деҳқон бозори каби иншоотлар фаолияти билан танишди.

Қишлоқдаги иккита саҳнада пойтахтдан келган санъаткорлар, вилоят бадиий жамоаларининг концерт дастурлари намойиш этилди.

Тадбир давомида ўтказилган спорт мусобақалари ғолиблари ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худойберганов иштирок этди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).