Жомбойда "Дамас"ни олиб қочган 17 ёшли йигит 4 йилга озодликдан маҳрум этилди

2019 йил 26 октябрь куни тахминан соат 04:00 ларда 17 ёшли Озодбек У. Жомбой тумани Қорасув қишлоғида яшовчи 28 ёшли фуқаро З.Ш.нинг уйи дарвозаси олдида турган “Дамас” автомашинаси эшиклари очиқлиги ва калити ўзида бўлганлигидан фойдаланиб, атрофда ҳеч ким йўқ вақтда автотранспорт воситасини олиб қочган. “М-39” сонли автомобиль йўли бўйлаб “Тошкент-Самарқанд” йўналиши бўйича ушбу автомашинани бошқариб бориб, 1106-километрда қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи Ф.М. бошқарувида бўлган “Нексия” русумли автомашинаси билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Жомбой тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Озодбек У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида унинг муқаддам икки маротаба ўғирлик жиноятларини содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди (такроран ўғирлик) ва 267-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов якунига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан тегишли судловга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани судининг 2019 йил 16 декабрь кунидаги ҳукмига кўра, Озодбек У. юқоридаги жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабар берди.