Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жомбойда тиббиёт бирлашмасининг 20 нафар “хўжалик бекаси”га 54 миллион сўмдан кўпроқ иш ҳақи берилмаган

Ҳолат туман адлия бўлими ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси туман Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган мониторингда аниқланган.

Бу ҳақда Zarnews.uz га Жомбой тумани адлия бўлими бошлиғи Мунис Усмонов хабар берди.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори 4-иловаси билан давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда банд бўлган хизматчиларнинг кенг тарқалган лавозимларида фаолият олиб бораётган ходимлар айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар тасдиқланган.

Жомбой тумани адлия бўлими ҳамда “Адолат” СДП Жомбой тумани Кенгаши ҳамкорлигида мазкур қарор талабларига риоя этилиши ҳолати юзасидан доимий равишда мониторинг ўрганишлар ўтказилиб келинмоқда.

Ўтказилган ўрганишлар давомида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 20 нафар “хўжалик бекаси” вазифасида ишлаётган хотин-қизларга тўланиши лозим бўлган жами 54 млн. 160 минг 33 сўм, туман халқ таълими бўлимида “котиба” вазифасида фаолият юритаётган 2 нафар ходимга тўланиши лозим бўлган 5 млн. 64 минг 333 сўм иш ҳақи кам ҳисобланганлиги аниқланган.

Ҳолатлар юзасидан тиббиёт бирлашмаси ҳамда халқ таълими бўлимида хизматчиларнинг манфаатларини, хусусан, уларнинг иш ҳақини тўлаб бериш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судига ариза киритилган.

Суднинг қарорига кўра, қайд қилинган иш ҳақлари тўлаб берилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ туманда «Талабага мадад» лойиҳаси доирасида бирорта ҳам талабага контракт пуллари тўлаб берилмагани маълум бўлганди.