Жомбойда замонавий кутубхона очилди
Жомбой тумани аҳолиси учун Наврўз умумхалқ байрами арафасида туман ахборот-кутубхона маркази бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат ўтказилган тадбирда туман ҳокими Қаюм Собиров, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев ва бошқалар янги ахборот-кутубхона марказининг очилиши билан йиғилганларни, улар орқали барча туман аҳлини қутлаб, китоб мутолаасининг, китобхонликнинг жамиятдаги ўрни ҳақида гапириб, янги марказ туман аҳолиси ўртасида китобхонликни оммалаштиришга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлашди.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан туманимизда 2020 йилда ахборот-кутубхона маркази фаолияти йўлга қўйилган бўлса-да, шароит йўқлиги боис талаб даражасида фаолият юрита олмаётганди, - деди туман ҳокими Қ.Собиров. - 2022 йилда туман зиёлилари томонидан кутубхона учун замонавий бино қуриш ташаббуси илгари сурилди. Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида “Ташаббусли бюджет” платформасига жойлаштирилган ушбу таклиф туманимиз аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада Молия вазирлиги томонидан 1 миллиард 200 миллион сўм ажратилиб, туман марказида ушбу бино бунёд этилди ва китобхонларимиз учун замонавий шароит яратилди.
Ахборот-кутубхона марказининг икки қаватли янги биноси 100 ўринга эга бўлиб, унда иккита ўқув зали, болалар бўлими, компьютер ва сақлаш хоналари, шунингдек конференциялар ўтказишга мўлжалланган хоналардан иборат. Марказ фондида 15,5 минг дона китоб мавжуд бўлиб, уларнинг 12 минг 128 донасини бадиий адабиётлар ташкил қилади.
Алишер Исроилов.