Жомнинг жамоли: Кеча ва бугун

Илк танишув

Бу гапга ўттиз йилдан ошди. Қашқадарёдан келиб, Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиётган курсдошим Эргашнинг уйланиш тўйига, Қамашига борадиган бўлдик. Ҳамқишлоғимизнинг “Жигули”сида Абдуназар акам, қўшнимиз Турсунпўлат домла ва мен йўлга чиқдик.

Ургут тизма тоғларига туташ қир-адирлар ёқалаб, кун оғар томонга анча юрдик. Яккам-дуккам уйлар кўриниб турган қишлоқнинг ўртасидан кесиб ўтаётганимизда йўлнинг чап томонидаги қирлар устидаги узоқдан кўриниб турган жуда катта қабристонга кўзим тушди. Ҳайратим ва таажжубим ошиб, сафардошларимга мурожаат қилдим:

- Биз қаерга келдик?

- Бу ерларни Жом дейишади. Жуда қадимий қишлоқ, тушунтира бошлади, мактабда физика ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган акам. Аҳолиси кўп, тарихиям узоқ. Мана шу тоғ-қирларнинг ён бағирларида қадим замонларда аёвсиз урушлар бўлиб ўтган. Анжирлилик курсдош дўстим билан Жомга ҳам келганмиз. Баҳорига гап йўқ. Қўй-қўзилар сурувини санаб, адоғига етолмайсан. Ёзда эса ҳамма жойи шип-шийдам...

Машинадаги уч оғайнига мавзу топиб бердим шекилли, Жом қишлоғи ҳақида билганлари, таниш-билишлари ҳақида йўл-йўлакай тортишиб, гаплашиб кетишди. Қир ён бағирлаб чўзилиб кетган бу қишлоқ, унинг халқи тарихи, тирикчилиги, касб-корига қизиқиш менда шу пайтларда пайдо бўлган бўлса, ажабмас. Ургутлик эмасманми, бу элнинг тоғу тош устида, унда-бунда яшаш тарзларини тасаввуримга сиғдиролмасдим.

Кейинроқ, ўқишни битириб, вилоят телевидениесида ишлаган давримда Жом тарихи, унинг далли-ғулли одамлари ҳаёти, ташвишу қувончи, касб-коридан бир нечта кўрсатувлар тайёрладим. Ўзлаштирилган ерларга сув чиқарилиши, қишлоқдаги бир мактабни термет балоси босиб, тахта-ёғочларини еб битиргани ва зудлик билан янги мактаб қуриш зарурати борлиги ҳақидаги таҳлилий лавҳа, хуллас, қишлоқнинг Наврўз байрами тантаналари ҳамон эсимда...

Жом - тарихий маскан

Жом - Самарқанднинг қадимги дарвозаларидан бири. Қашқадарёнинг Чироқчи тумани ва Улус чўлларига туташиб кетган қишлоқ нафақат вилоят, балки республикамизнинг энг “кекса”, шу билан бирга, аҳолиси 30 мингдан ошган йирик  аҳоли масканларидан биридир. Жом қишлоқ фуқаролар йиғини таркибида Жом, Гирдиқўрғон, Тегирмонбоши, Омондара каби катта маҳаллалар бор. Ҳудуди ҳам шунга монанд – жуда тарқоқ.

Жомнинг қадимги номи архив материалларида келтирилишича, ЯМ бўлиб, почта, алоқа бўлими деган маънони берар экан. Ўзга музофотдан келиб кетаётган чопарлар шу ерда чарчаган отларини бошқа от билан алмаштириб, йўлини давом эттирганлар. Турли талқинларга кўра, ЯМ, ЖАМ га айланиб, охирги ЖОМ кўринишини олган , деган тахминлар бор.

Жомда, айни баҳор палласи қизғин иш бошланган кунларнинг бирида шу қишлоқ  фарзанди, сира тиниб-тинчимайдиган, энг муҳими, эли ва қишлоғини жуда севадиган киши - ушбу қишлоқда юз бераётган бунёдкорлик, ободлик ва қайноқ ҳаётнинг марказида юрадиган бир инсон билан “Обод қишлоқ” штаби биносида  танишиб қолдим. Суҳбат асносида англашимча, бу одам қишлоқдаги мавжуд муаммоларга ечим топишга уста оқсоқол, давлат идораларига киравериб, қонун-қоидалар ёд бўлиб кетган ҳақиқатгўй, Нуробод туманида ҳамма  биладиган киши экан.

- Мен, Эштурди Раҳимов - пенсионерман. Жом қишлоғида 1945 йилда туғилганман. Ёшим 72 да. Умрим шу қишлоқда халқ билан ўтди.  Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг агрономия факультетини битирганман. 43 йил халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишладим. Шу ерда туғилганимдан фахрланаман. - У кишининг кўзидан ифтихор шуълалари таралди. - Аввалига гапни тарихдан бошласам. Бу қишлоқ ҳақида топган маълумотларимиз 20 минг йилдан ортиқ муддатни ўз ичига олади. Дастлабки тош қуроллар, қирғич ва бошқа рўзғор анжомлари шу ердан топилган. Ҳозир мингдан ортиқ экспозиция ҳамқишлоғимиз Абдуманнон Ёрқуловнинг уйида сақланмоқда. У Самарқанд архитектура ва қурилиш институти ўқитувчиси. Музей йўқлигидан шунга мажбур эдик, орзуимиз ушалди. Уям қуриладиган бўлди.

Тарихи йўқ халқнинг келажаги йўқ, деган доно гап бор. Шу туфайлими, тарихга ўзим ҳам жуда қизиқаман. Энди, қаранг, тоғларимиз, Бешбармоқ  қишлоғи атрофидаги қояларда 51 та жойда қадимий аждодларимиз томонидан чизилган тоғ эчкиси, йўлбарс, от ва бошқа ҳайвонларнинг расми чизилган тошлар мавжуд. Баъзи нарсалар ҳатто йўқотиляпти. Ёшларимиз бундай тарихни яхши тушунмаслиги оқибатида тошлар синдириляпти ҳам. Булар қайта тиклаб бўлмас манбалардир.

Искандар кўҳна Самарқандни забт этишдан олдин, тарихчи олимларимизнинг айтишларича, стратегик объектлар ва ҳужум қилиш режаларига аниқлиқ киритгунча бир ҳафта Жомда тўхтаган экан. Ҳа, ҳа, Искандарни кўрган бу қишлоқ. Юнонлар ўз даврида ўзининг номларига танга ҳам зарб қилдиради. Шу тангалардан бир нечтаси шу ердан топилган. Ҳозир улар вилоят музейида сақланаяпти, - дея ифтихор билан сўзида давом этди Эштурди ака. - Бу қишлоқ қадимдан Тошкент-Самарқанд-Жом-Кобул-Қандаҳор ҳамда Бухоро-Тим-Жом-Шаҳрисабз қадимий ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган.

Салжуқийлардан кейин қорахонийлар ҳукмронлик қилган икки юз йиллик даврда ҳам улар бу ерларга катта эътибор қаратган. Улар тоғнинг юқори қисмида баландлиги 9, эни 25 метр бўлган Ғиштбанд дейилган сув тўғонини қуришиб, 300 минг куб сув сақланадиган иншоот барпо этишган. 

Жомнинг ўз қалъаси ҳам бўлган. Уни биз қўрғон деймиз. Унинг ён-атрофи сув билан ўралиб, уч юз гектар ер ўзлаштирилган. Деҳқончилик қилинган. Бу ерда шу даврнинг каттагина назорат, санитария пункти ҳам бўлганки, Тошкентдан чиққан савдогарлар ҳам, Кобул ёки Бухородан Самарқандга йўл олган тижоратчилар ҳам шу масканда тўхтатилиб, ҳаммом қилдирилган ва уч кун давомида Чўтмон деган жойимизда турли текширув ҳамда тиббий муолажалардан ўтказилган. Агар уч кун ичида улардан касаллик топилмаса, йўлни давом эттиришга рухсат берилган.

- Бугун бутун жаҳонда амалда бўлган карантин ва санитария назорат постлари бизда анча аввалроқ шакллангани, халқ саломатлиги муҳофазаси, ҳатто чорванинг касалланишига ҳам жиддий эътибор берилгани аждодларимизнинг нақадар доно ва узоқни кўра билганларидан даракдир.

- Ҳа, Жомда айнан шу масалаларга масъул бўлган кишилар турган, назоратга доир бинолар барпо қилинган. Муолажалар ўтказилган.

Энди, Амир Темур ҳазратлари ҳукмронлиги билан боғлиқ тарихни олайлик. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида қайд этилишича, Соҳибқирон 1363 йилда Илёсхўжа билан Жомда жуда катта жанг олиб борган. Илёсхўжанинг қайноғаси Аҳмад Ҳусайнни шу ерда бўлган жангда енгиб, мана шу қирлар оша Ургут тоғ тизмалари орқали Сирдарёгача қувиб борган. Соҳибқирон  қайтиб келгач, ўз лашкарига Жомда бир ҳафта давомида ғалаба зиёфати берган экан. Кейинчалик 1409 йилда ҳам Шоҳруҳ Мирзо ўғли Улуғбекни тахтга чиқаришга қаттиқ қаршилик кўрсатган Шайх Нуриддинни яна шу ерга-отаси жанг қилган майдонга чорлайди ва уни енгиб, 15 ёшли темурийзодани тахтга ўтқазади...

Эштурди аканинг баъзи-баъзида “хўш, хўш” деб, ўз қишлоғи ҳақида мароқ билан гапираётгани учун сўзини-да, бўлгим келмади. Биз баъзан “оддий бир даштлик одам-да”, деб қўядиган инсоннинг яшаб турган гўшаси ҳақида шунча маълумотга эгалиги, яна тарихий саналарни ёд ва аниқ айтиб бераётгани, аждодлари тарихидан ғурур туяётганидан мен ҳам завқлана бошладим. Хаёлимдан Жомнинг бугунги ёшлари ҳам шу тарихдан бир мисқол билармикан, баҳорда яшнаб, ёзда чўллаб кетадиган шу қир-адирларни шу инсончалик сева олармикан, деган хаёл кечди. “Энди, қаранг!” деб, менинг диққатимни тортганча оқсоқол гапини яна узоқ замонлар-қаъри қоронғи ва аянчли воқеаларга тўла тарихдан бошлади:

- Ёнимизда Қирғинтепа деган жой бор. Бу ернинг ўтмиши ҳам ур-йиқит, аёвсиз жанглар билан тўла. Табризийлар тарихида бу жой Мухтортепа деб ёзилган. Унинг атрофи жанг олиб бориш учун жуда қулай бўлганлиги учун  доимо олов ичида қолган. Қўрғонни ўраб турган ҳандаклардан урушлар давомида қон дарёдек оқарди, деб ёзилган ўша манбаларда. Хўш, сабаб нимада?

Эштурди ака, менга савол назари билан қараб турди-да, ўз саволига ўзи жавоб берди: - Буни сиз ҳам яхши биласиз, тарихни ўқигансиз-ку! Азалдан маълумки, бирор қўрғонни эгаллаш, душманни забт этиш учун биринчи навбатда сув йўли тўсилган, иккинчи усули, қуёшга тескари томонга юриш фойда берган, айниқса, тепаликларни забт этишда қуёшга  юзма-юз бориш кўзни қамаштиргани учун ғалаба қозониш имконияти чекланган бўлади. Учинчиси эса тепалик ва қияликларни эгаллаб олиб, жанг қилиш. Бунда пастдан баландликка интилаётган лашкарнинг хатти-ҳаракатини кузатиш, енгиш осон бўлади. Шу боисдан бўлса керак, муҳораба учун аксарият ҳолда Жом қишлоғи атрофи танланган. Энди, яна берироқ келайлик... Хўш..

Тарихни қарангки, 1869 йилда Самарқанд генерал-губернатори Абрамов ҳам Шаҳрисабз хонлигини босиб олиш учун Жом орқали ўтишни маъқул кўради. Бироқ бу ерга етиб келган қўшиндаги аскарларга қандайдир касаллик юқиб, кўпчилиги тўсатдан вафот эта бошлайди ва ҳарбийлар орқага қайтишга мажбур бўлади.

1882 йилда Санкт-Петербургда чиққан “Экспедиция Русское посольство на Афганистан и Бухарское ханство” номли  тарихий бир китоб бор. Унда ёзилишича, Россия элчилари Афғонистон подшолиги ва Бухоро хонлиги билан алоқа боғлаш учун келишлари қайд этилган. Шу китобнинг... ўзим ўқиб чиққанман, ҳмм, 26-бетидан 31-бетигача Жом ҳақида сўз юритилади. Унда ёзилишича, юкларини отларга ортган руслар Самарқанддан чиқиб, Сазағонгача келишади. Иккинчи куни Жомга етиб келган йўловчиларни ўрик дарахти сояси тушиб турган ҳовуз ёнида полковник Плотников рус пироги ва ароғи билан кутиб олади. Зиёфатда кўп ичишган меҳмонлар донг қотиб ухлаб қолишади. Улар ўзларига келгач, атрофни кузатишади ва Жом қалъасининг харобаларига кўзи тушади. Китобда шундай дейилган. Шу куни бу босқинчиларга қишлоқ оқсоқоли томонидан... қаранг, меҳмондўстмиз-да, яна қўй суйилиб, чой берилади...

Суҳбатимиз қизигандан қизиб борар, туғилиб ўсган қишлоғи тарихи ҳақида шунча гапни биладиган, фикрини исботлаш учун фактлар ва саналар, манбаларни келтириб, юраги ёниб гапираётган одамнинг гапини бўлиш одобдан эмасди. Нутқида гоҳ ифтихор, гоҳ гина оҳанги устуворлик қилаётган кекса инсоннинг ўтмиш воқеалари баёнида бугунги кунларнинг қадрига етишнинг, юртсеварлик ва ватанпарварликнинг ёрқин алангаси  мужассам эди.

Янги ҳаёт-янгича турмуш

- Тарих остонаси саналган Жом қишлоғи ўтмиши ҳақида соатлаб гапириш, тортишиш мумкин. Бироқ бу ерларнинг жаннатмакон жойга айланиб бораётгани бор гап. Табиати гўзал. Қирлар, сўқмоқлар, қоятошлар - бари туризм объекти. Бир вақтлар вилоятдаги сайёҳлик бўйича мутасадди одам менга “Самарқандга келган туристларни қоядаги суратларни кўрсатиш учун 250 километр масофадаги Хатирчига олиб бориб кўрсатиб келаман”, деган эди. Мана 70 километрда буларнинг ҳаммаси бор. Қани, туристлар? Биз уларни кутяпмиз. 2002 йилда ЮНЕСКОдан Муртоза Тозий деган вакил келди. От туризмига қизиқди. Унга от топиб бериб, бирга юрдим. Диққатга сазовор жойларни кўрсатдим. Афсуски, ҳалигача унинг таклифи амалга ошмади.

- Мана, йиллар ўтиб, бу даромадбоп истиқболли соҳага Президентимиз Шавкат Мирзиёев кенг йўл очиб берди.

- Ҳа, Юртбошимиз Жомнинг сайёҳлик имкониятини ҳам жуда яхши билади. Қани энди раҳбарларимиз, тадбиркорлар шуни ҳам инобатга олса. Экологик ва от туризмини ташкил қилиш учун жуда қулай жойлар кўп бизда.

Бугунги Жом ҳаётнинг энг қайноқ нуқтасига айланди. Вилоятнинг чекка қишлоғидан бири бўлса-да, диққат тортар жой. Майдони 210 квадрат километр. Энг сўнгги ва янги техника шу ерда ишлаяпти. Минглаб одамлар шу қишлоқ аҳли дарду қувончи, ўй-фикри билан бирга. Бу - қадим қишлоққа бутунлай янгича ҳаёт, янгича яшаш тарзи кириб келяпти, дегани.

Эштурди ака билан ташқарига чиқдик. Қуёши чарақлаб турган бепоён ва тиниқ осмоннинг ҳар ерида оппоқ булутлар кезиб юрибди. Жом қишлоғининг пасту баланд ҳудуди, у ердаги уйлар худди кафтда тургандек кўриниб туради. Ажойиб ва бетакрор манзара.

- Бизда кўкламнинг умри қисқа бўлади. Кўряпсизми, дов-дарахтлар ҳам саноқли. Одамларнинг ҳовлисида ҳам деярли экин экилмайди. Ерлар тошлоқ. Сув танқис, - деди атрофга узоқроқ тикилиб қолганимни кўрган Эштурди ака. - Шунинг учун бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, туб аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш мақсадида ҳомий ташкилотлар томонидан 257 та иссиқхона қуриб берилди. Аҳоли хонадонларига 480 дона лимон, 1000 дона олма, 9500 дона помидор, булғор қалампири, ошқовоқ, тарвуз ва бошқа кўчат ниҳоллари тарқатилди.

Йўлдан ўтаётиб, қуёшнинг иссиғидан чатнаб турган тошлар тафтини сеза бошлайсиз.

Биз бугун кўриб, билиб турган ҳақиқат - 2018 йилнинг ўтган йиллардан фарқи  шундаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, 2018 йил республикамизда катта ўзгаришлар, бунёдкорликлар, энг муҳими, меҳнат завқи, одамлар қувончига, шукроналикларга тўла йил бўлади.

Шундай бўлди ҳам. Мамлакатимизда йил бошиданоқ улкан ният ва мақсадларга хос амалий ишлар бошланиб кетдики, жўшқин ва хайрли саъй-ҳаракатлар бошида Юртбошимизнинг ўзи турибди. Бундан руҳланган халқимиз ҳам яшаш, ишлаш жойларида Ватан ободлиги, унинг равнақи учун қўли қўлига тегмай меҳнат қиляпти, фаровон турмуш сари интилмоқда.

Шижоат кутгайдир  биздан истиқбол,

Мисли йўқ шаҳарлар, ҳатто қишлоқ ҳам.

Мардона меҳнатнинг самари бўлар,

Яшариб, яшнаган қадим қишлоқ - Жом!

Февраль ойининг дастлабки кунларидан самарқандликларнинг ҳимматга тўла нигоҳи биз сизга тарихини ҳикоя қилиб бераётган, қадимий қишлоқ-Жомга қаратилди. Дастлаб обрўли нуронийлар, қишлоқнинг кўпни кўрган оқсоқоллари ва фуқаролари, вилоят ташкилот ва корхоналарининг тажрибали раҳбарлари, шижоатли ёшлари иштирокида катта маслаҳат йиғини ўтказилиб, бу ерда яшовчи аҳоли турмуш тарзига янгича ҳаёт бағишлаш, қурилиш ва ободончилик ишлари лойиҳаларини амалга оширишга доир аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Шундай қилиб, Самарқанд-Жом магистрал йўли эзгу амал ва ҳиммат намоён бўлаётган манзил йўлига айланди. “Обод қишлоқ” республика дастурига киритилган Жом қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Гирдиқўрғон ва Жом қишлоқларида юздан ортиқ корхона ва ташкилотдан келган 2 мингдан зиёд ишчи-ходим, кўнгилли ёшлар, қишлоқ аҳли, 150 дан кўпроқ қудратли техника иш бошлаб юборди. Уларнинг сафи вилоя­т­нинг турли ҳудудларидан келаётган ҳашарчилар, қўшимча техникалар ҳисобига кун сайин кенгайиб борди.

Бугундан бахтли яшашимиз керак

-Дастурни амалга оширишга киришилган кундан бошлаб маҳалла фуқаролар йиғини биносидаги штабда муқим ишлаяпмиз. Мақсад битта - Президентимиз ҳар доим таъкидлаётганларидек, халқимиз эртадан эмас, бугундан бахтли яшаши керак. Шу боисдан ишни ташкил этишни Жом қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 2700 дан ортиқ хонадонга кириб, аҳолини қизиқтираётган масалалар, мавжуд муаммоларни ўрганишдан бошладик, -дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг раиси Маҳмуд Бобоёров. - Самимий суҳбат, мулоқотлар давомида аниқланган масалаларнинг аксарияти тегишли соҳа мутасаддилари томонидан жойида ҳал этилди. Бошқа масалаларнинг ҳар бири юзасидан ҳам аниқ вазифалар, масъуллар белгиланиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Жумладан, олтита маҳалланинг ҳар биридан 10 кишидан, жами 60 нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди.

- Мен сизга айтсам, ўтган мустамлакачилик тузуми даврида бу ерларда пишиқ ғиштдан қурилган оддий кутубхона ёки клуб ҳам бўлмаган, - деб яна гап халтасини очди ҳамроҳим Эштурди ака. – Қишлоқ тараққиётдан узоқда қолган, ҳеч ким бу элнинг дардига қулоқ солмаган. Мустақилликка эришилганидан сўнг ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратилди. Ҳозир замонавий 12 та мактаб улар ихтиёрида. Барча шарт-шароитларга эга бўлган таълим муассасаларида халқнинг 3900 нафар фарзанди таҳсил оляпти.

Ҳар томондан ишчилар ва техникалар овози эшитилиб турибди. Ободончилик ишлари ҳам бирваракайига олиб борилмоқда эди.

- 2002 йилда вилоятга Шавкат Мирзиёев ҳоким бўлиб келди, - деб гапини давом эттирди Эштурди ака. - У киши туманимизда ўтказган биринчи йиғилиш худди бугунгидек ҳалигача эсимда, жонкуярлик билан туман ва қишлоқлардаги муаммоларни очиқ айтишимизни сўради. Ҳамма жим, юрак ютиб гапиролмайди.

- Нурободда ҳамма муаммолар ҳал бўлганми, - деди у киши бирдан. -Нега дардингизни яширасизлар? Уларни ким сизга ҳал қилиб беради?

Менга мана шу “Нега дардингизни яширасизлар?!”, деган гапи қаттиқ таъсир қилди. Шу пайтлари Жом қишлоқ фуқаролар йиғини раиси бўлганим учун нима муаммо бўлса, баридан хабарим бор, раҳбарлар билан уларни ҳал этолмай, суришиб юрар эдим; ўн еттинчи қаторда ўтирган ўрнимдан туриб кетдим. (Хотирани қаранг!).

Жом аҳли кўҳна тарихга эга бўлган қишлоқни янгилаб бориш, халқ турмуш даражасини яхшилаш, мавжуд муаммолар ҳақида тинимсиз бонг уриб, дадил саъй-ҳаракатлар бошлаганлари учун ҳам давлатимиз раҳбари уларни қўллаб-қувватлаб турди, руҳлантирди. Бироқ қишлоқни тўласинча обод қилиш, замонавий турмуш тарзига эришиш учун пухта ўйланган дастур ва маблағ зарур эди. Бу ерда яшаётган аҳолининг шаҳарликлардан қаери кам? Нега улар эътибордан чеккада қолиши керак? Муносиб турмуш тарзи учун бетиним курашиб келаётган жомликларнинг ота масканларига бўлган муҳаббати, ғайрат-шижоати, Юртбошимизнинг ёдида ва доимий эътиборида бўлгани боис чекка ҳудудда бугунги кенг қамровли, бунёдкорлик  ишлари бошланиб кетди.

Ободлик кўнгилдан бошланар асли,

Ватан! - деб яшаймиз, халқмиз ҳавасли.

Ҳиммат ва ҳашардан бу йўл, бинолар,

Кўзларни қувнатар Жомнинг кўрк, васфи.

“Обод қишлоқ” дастурининг Жомдаги қурилишлари лойиҳаси муаллифларидан бири, вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Норқул Содиқов шундай дейди:

- Дастурга кўра, биринчи бос­қичда Жом ва Гирдиқўрғон маҳалласида янги қишлоқ врачлик пункти, 60 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 350 ўринли амфитеатр, хотира майдони ва қишлоқ тарихи музейи, юқори Омондара маҳалласида ҳам 100 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳамда 24 та кам таъминланган оилага имтиёзли уй қуриб топширилади. Қишлоқлардаги барча хонадонлар хатловдан ўтказилиб, уй эгаларига кадастр ҳужжатлари берилди.  Уларга уй-­жойларини замон талаб­лари даражасида таъмирлаш учун лойиҳалар тақдим этилди. Бу ишга имконияти етмайдиган оилаларга вилоят ҳокимлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, бир қатор бошқарма ва идоралар, тадбиркорлар ҳомийлик ёрдами кўрсатди. 200 дан ортиқ оилага газ плитаси ва бошқа уй-рўзғор буюм­лари совға қилинди. Эҳтиёжманд ўндан ортиқ оила учун яна замонавий уй-жой қуриб берилади.

Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида иккита артезиан қудуғи қазилиб, сув миноралари ўрнатилди. Мавжуд сув тармоқлари таъмирланиб, 500 метр масофага янги қувур ўтказилди.

- Энди, қаранг... Яна бир кутилмаган ҳолат. Йўл берса, элига берса, бўлаверар экан-да, - деб гапнинг жиловини бурди Эштурди ака. - Жомнинг “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилиши биз жомликлар учун алоҳида эътибор, Тангрининг инояти бўлди. 2018 йилнинг 20 февраль куни бу янгиликни эшитиб, ҳамқишлоқларимизга айтдим. Аввалига кўпчилик ишонмади. Баъзи бобойлар “Қўй, бу гапингни, давлатга бир сўм бермаган жойга давлат шунча пул сарфлайдими?!”, дейишди. “ Шунча ободлик бўлди, давлат яна сенга нима қилиб берсин!”.

Ҳақиқатан ҳам қишлоғимиз жуда чеккада. Электр, газ таъминоти яхши бўлмагани учун қишлоқ ривожланишдан орқада қолган. Бу ерда бирорта ишлаб чиқариш корхонаси қурилмаган. Қишлоқ аҳолисининг 18 фоизи давлат идораларида ишлайди, қолганлар мавсумий юмушлар билан банд. Ёши катталар уйда. Эндиги мақсадимиз - иш ўринларини яратиш бўлади. Режаларимиз катта. Давлатимиз, вилоятимиз раҳбарларига раҳмат! Ҳар ишимизга улар раҳнамо.

Агар сув омборининг иккинчи босқичи ҳам қурилса, унда 2 миллион куб сув жамланади. Шундан кейингина бу ерда томчилатиб суғориладиган боғларни барпо этиш масаласи кун тартибига чиқади. Атроф боғларга бурканишига оз қолди, деб ўйлайман ва бунга ишонаман.

Бу ерларни обод қилишнинг яна бир варианти бор. Шу қишлоқдан Шўртан-Сирдарё газ қувури ўтиб кетган. Ундан фойдаланишимиз керак. Агар шундан бир нуқта олинса, ишлаб чиқариш, кўплаб иш ўрни яратилишига ҳам имконият туғилади. Жомдан Тепақулгача бўлган тоғли ҳудудларда цемент ишлаб чиқариш, пишиқ ғишт тайёрлаш учун битмас-туганмас манба ётибди. Бу юқори қувватли заводлар дегани эмасми?! Йўлларимизни созлаш, асфальт қилиш керак.  Бу масалани ҳам жиддий ўйлаб кўришга тўғри келади. Насиб бўлса, 3-4 йил ичида Жом ҳам кичик бир шаҳарчага айланади.

Бугуннинг қаҳрамонлари кимлар?

- Ҳамма даврнинг ўз қаҳрамони бўлади. Бугунги кунда шу Ватанда яшаётган, киндик қони томган масканни ҳурмат қилган, аждодлари руҳини шод қиламан, юрт равнақига ўз ҳиссамни қўшаман деган одам, Юртбошимизнинг ҳар бир чақириғига “лаббай”, деб жавоб бериши керак. Президентимиз бонг уряпти. Бонг уряптими, халқимиз ҳар бир соҳада жасорат кўрсатишга тайёр бўлиши, бир жойга ғишт қўйиб, бир жойга кўчат экиши, жамиятга фойдаси тегиши лозим.

Менинг фикримча, мамлакатимиздаги 33 миллион кишининг ҳаммаси қаҳрамон бўлиши керак. Ватанга бўлган муҳаббат, меҳр, тотган тузи, ўғил-қизи учун қари-ю ёш тиниб турмаслиги керак. Нуронийларнинг тажрибаси ҳам катта мактаб. Улар ўз сўзи ва маслаҳати билан набираларини, ўзи яшаётган гузар, маҳалла ёшларининг кўнглига қўл солиб, ободончилик, бунёдкорлик ишларига бош қўшишга ўргатсин. Болаларимиз ҳам ота-боболардан қолган гулдай Ватанига хизмат қилишни уддалашсин.

Ватанимизнинг чекка қишлоғи тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшамиз, деган ният билан ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши даъвати билан етакчилар ва меҳнатга хайрихоҳлар жипслашди. Бу оммавий ҳаракатда айниқса, жомлик ёшлар фаолроқ ва пешқадам бўлишларига эришилди. Тумандаги уюшмаган ёшларни ҳам жалб этиш чоралари кўрилди. Ёшлар иттифоқининг рамзи туширилган махсус кийим-кечаклар билан таъминлаб, уларни руҳлантиришга ҳаракат қилдик. Улар ҳам мурожаатимизга ҳеч иккиланмай “лаббай”, деб жавоб беришди. Ўз меҳнат қуроллари билан сафимизга юзга яқин ёшлар келиб қўшилди. Шу ерда яшаб улғайган, киндик қони томган ёшлар ўз қишлоғи ободлигига қандай бепарво қараб туриши мумкин? Кундан-кунга ўзгариб бораётган қишлоғи қиёфасини кўрган бу ёшлар ёнимизда туриб, ҳудуддаги ариқ, кўча ва ҳовлиларни тозалаш, кўчат экиш ишларига ёрдам беришди.

Бугун Жом қишлоғида юртдошларимиз иштирокида янги ва фаровон ҳаёт, ўзига хос шаҳарчага асос солиняпти.

Эзгу ниятлар, юрак даъватлари билан қадимий қишлоқларининг яшариб, яшнашини, келажак эгаларига обод Ватан қолдиришни истаган бу отахонлар давримиз қаҳрамонлари эмасми?

Гуриллаб ишлаётган техникалар, азми қатъий ҳашарчилар тиклаётган йўллар ва иншоотлар, хонадонларда ўзгача кўрк кўзга ташланиб қолди. Минглаб манзарали дарахтлар, тартибга келтирилган уйлар, мактаб ва шифохона, қуёш ўйнаётган томлар, ер қаъридан отилиб чиқаётган сув томчиларида инсон меҳнати, унинг орзу-умидлари рўёби акс эта бошлади.

Самарқанд вилоятидаги Жом қишлоғида Нуробод тумани аҳолисининг 15 фоизи истиқомат қилади. Агар аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари таъмирига доир статистик маълумотларга эътибор қаратсак, бунга яна бир бор амин бўламиз. 663 та уй-жойнинг беш юздан зиёди таъмирдан чиқарилди, атрофи тўсиқ девор билан ўралди. Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган 75 та уй-жойнинг 25 таси Республика Касаба уюшмалари кенгаши томонидан молиялаштирилиб, кам таъминланган ва шароити оғир бўлган оилаларга бепул ажратилди. Мазкур объектларда қурилиш ишлари 80-85 фоизга бажарилди.

10 та мактаб таъмирдан чиқарилди, янги мебеллар билан жиҳозланди, 1 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 3 та мактабгача таълим муассасаси янги қурилди.

Деҳқон бозори, масжид, ҳаммом, 3 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, 4 та озиқ-овқат дўкони ҳамда 2 та автобекат барпо этилди. Иш бир маромда бораётган эди. Бироқ...

                  Табиат келтирган талафот

 Сув танқислиги, қурғоқчилик деймизу, худо берса, бирдан ошиғи-тошиғи билан ҳам берар экан. Шу йилнинг 16-17 май кунлари қишлоқ осмонида пайдо бўлган қора булутлар тоғу тошлар оша пастликка ёпирилган сел оқими пўртана бўлиб, бу ерда амалга оширилган ишларга анчагина путур етказди. Одамлар кўнглига ҳадик тушди. “Шунча меҳнат зое кетмасмикан?”, деган ғулу солди қалбларга...

Кўрилган аниқ чора-тадбирлар асосида ишчи кучи, техникалар сафарбар этилиб,  сел келтирган талафот аста-секин бартараф этилди.

Ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик натижасида сел оқибатида табиий офатдан талафот кўрган 71 та оила ҳолидан хабар олиниб, уларга 30 тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулоти, 2000 донага яқин кийим-кечак, 500 га яқин кўрпа-тўшак, ёстиқ, чойшаблар, дори-дармон, уй-рўзғор буюмлари, кир ювиш воситалари етказиб берилди. Жиддий зарар кўрган ҳамда тиклаш имконияти бўлмаган хонадонлар бузилиб, қурилиш материаллари ажратиб олинди. Яроқсиз ҳолга келиб қолган 3 та кўприк реконструкция қилинди.

Сел оқимида жойлашган 4 та уй-жой бузилиб, унинг эгаларига хавфсиз ҳудуддан ер участкалари ажратилди. Уларга ҳомийлар ҳисобидан уй-жой қуриб берилмоқда. Жомсой коллекторининг 3,1 километр ўзани тўғриланди ва қирғоқлари мустаҳкамланди. Кўнгиллар бир оз тинчиди.

 

Азму шижоат ғалабаси

Бугун ҳамманинг нигоҳи Жомда-жомликларда. Обод бўлаётган қишлоқдаги йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш мақсадида узунлиги 16 метр бўлган янги кўприк фойдаланишга топширилди. Табиат инжиқлиги, кутилмаган табиий офат жомликлар ва бу ерда ишлаётган кишилар учун яна бир синов бўлди. Бажарилажак ишлар, бунёдкорлик режаларини янада пухтароқ ўйлаш, етти ўлчаб, бир кесиш ва амалга ошириш вазифасини қўйди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, бош масала-инсон манфаати, унинг яхши яшаши ва давлатдан ризолиги.

Орадан ойлар ўтиб, ёз бошланди. Жазирама кунлар. Унгача ҳам бу ерга бир неча бориб келдим. Ҳар келганимда тепаликларда кезиб юрган гармсел, ҳиммати баланд ҳашарчилар, қурувчилар қалбидаги ҳароратни, одамлар кўзидаги эртанги  кунга бўлган умидни ҳис этаман.

Кундан-кунга қуёш баттарроқ қиздиради. Яшилликнинг ранги ўчиб, янтоқлар яйраб турган қирларга кўзингиз тушади. Устига устак бу йилги сув танқислигини айтмайсизми?

Бироқ Жомда жасорат кўрсатиб ишлаётган кишиларнинг аҳди қатъий - кўзланган мақсади, белгилаган режаларини амалга ошириш. Юртимизнинг бир чеккасидаги қишлоқда ҳаёт учун қулай шарт-шароит яратиш, одамлар учун кўркам кошоналар барпо этиш.

Бугунга келиб, гуриллаб ишлаётган техникалар, азми қатъий мутахассислар, ҳашарчилар тиклаётган йўллар ва иншоотлар, хонадонлардаги файз, ўзгача кўрк эл кўзига ташланиб қолди. Энди бажарилган ишларга муносабат билдирилиб, дастлабки хулосалар чиқарилса, Жомнинг бугунги жамоли достонларга мавзу бўлса ажабмас.

 

Ҳар битта иншоот, Обод қишлоқда,

Юртбоши даъвати, халқ ҳиммати жам.

Қир узра  янгича ҳаёт жўшмоқда,

Ястаниб турибди, қадим маскан - Жом!

 

 

 

Тошпўлат ЎРХУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.