“Жуда оғир бўлди”: Афғон йигити коронавирусни қандай енгди?

Ваҳидулла Ҳамиди Афғонистонда коронавирусга чалинган биринчи бемор ҳисобланади. Айни вақтда у соғайиб, одатий ҳаётга қайтган.

Sputnik Афғонистон‘га берган интервьюда Ҳамиди Эронда коронавирус юқтириб олгани ҳақида сўзлади.

“Мен беш кунга Эроннинг Кум шаҳрига келдим. Ҳиротга қайтгандан кейин Кумда коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилганини билдим. Икки кундан сўнг ўзимни ёмон ҳис қилиб, шифохонага бордим.

Уч кундан кейин шифокорлар менда коронавирус аниқладилар. Шикофорлар менда бу вирус борлигини айтишганда, озгина қўрқдим. Аммо оилам далдаси ва шифокорлар ёрдами туфайли касалликни енгдим”, - дейди йигит.

Ваҳидулла даволаниш вақтида палатада мутлақо бир ўзи бўлгани сабабли касаллик жуда оғир кечганини тан олди. Йигит коронавирусга жиддий эътибор бериш кераклиги, беморлар эса нима бўлса ҳам курашиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Ваҳидулла Афғонистон барча аҳолисини мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига қатъий риоя қилишга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, 20 кундан ортиқ вақт карантинда бўлган, яқинлари билан фақат ойна орқали мулоқот қилган.

“Шифохонадан жавоб берилгандан сўнг, мен яна 10 кун уйда карантинда бўлдим. Бу оғир бўлди: мен ҳатто фарзандимни бағримга боса олмас эдим”, деб қўшимча қилди афғонистонлик.