Журналист ва адвокатлар таъқибини фош қилган журналистик суриштируви консорциум мукофотланди

"Pegasus лойиҳаси" журналистик суриштируви консорциуми Европапарламент томонидан таъсис этилган Дафне Каруана Галиция мукофоти билан тақдирланди.

Amnesty International ва Forbidden Stories инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг техник кўмагида ўтказилган суриштирув бутун дунё бўйича фаол журналистлар ва адвокатларни оммавий таъқиб қилиш фактларини очиб берган.

"Жазосизлик ўлдиради. Агар журналистлар қандай репортажлар учун ўлдирилганини кўриб чиқсак, Дафна айнан шу мавзуларда ишлаганини кўрамиз. Бу коррупция, пул ювиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши, табиатга қарши жиноятлар… Ва биз шундай муҳим мавзуларни ёритиш учун бир жамоа бўлишимиз керак», дейди лойиҳа иштирокчиси.

Журналистлар аниқлашича, жиноятчиликка қарши курашиш учун давлат идораларигагина сотилиши керак бўлган Исроилнинг NSO компанияси дастури Озарбайжон, Қозоғистон, Венгрия ва бошқа мамлакатларда ноқонуний кузатувлар мақсадида ишлатилган.

Ўз материалларида мамлакатдаги юқори лавозимли амалдорларнинг коррупцияга алоқадорлигини ошкор қилган Мальта журналисти Дафне Каруана Галиция 2017 йил 16 октябрда машинасига ўрнатилган бомба воситасида ўлдирилган эди.

"Умид қиламанки, мукофот нафақат онам бошлаган ишни давом эттиришга, балки Европада коррупция, мансабни суиистеъмол қилиш, уюшган жиноятчиликка қарши курашишга илҳомлантиради. Айнан коррупцион, мансабни суиистеъмол қилувчи, авторитар кучлар бугун журналистларни хавф остига қўймоқда, - деди ҳалок бўлган журналистнинг ўғли Мэтью Каруана Галиция.