Журналистик текширувми ёки суриштирув?

Самарқандда ўтказилаётган “Медиа ҳафталик”нинг учинчи кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари раҳбарлари, маҳаллий блогерлар учун тренинг машғулотлари давом этмоқда.

Бугун Миллий контент маркази мутахассиси Улуғбек Қурбонбоев «Ахборот соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти» мавзусида ҳамда журналист Муҳрим Аъзамхўжаев «Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини ёритишнинг муҳим йўналишлари» ҳақида иштирокчилар билан тажрибаларини ўртоқлашяпти.

Қонунчиликда «Журналистик суриштирув» деган тушунча йўқ, - дейди Миллий контент маркази мутахассиси, ҳуқуқшунос Улуғбек Қурбонбоев. - 1997 йилда қабул қилинган «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, журналистнинг ҳуқуқи сифатида текширув ваколати берилган. «Журналистик суриштирув» эса нотўғри тушунча бўлиб, фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларгина суриштирув ваколатига эга.

Жиноят-процессуал кодексида келтирилган суриштирув органлари ҳақидаги маълумотда ҳам журналистик суриштирув ҳақида ҳеч нарса келтирилмаган. Суриштирув процессуал ҳаракат бўлиб, бу ҳаракатлар турли мажбуриятларни келтириб чиқаради. Масалан, журналист қандайдир маълумотни олмоқчи бўлса, давлат идоралари ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилиши ёки иккинчи томон маълумотларини эшитиб, белгиланган тартибда ахборотни тарқатиши журналистик текширув саналади. Иккинчи томон журналистга асосланган тартибда маълумотни бермаслиги ҳам мумкин, лекин суриштирув органларига маълумот бериши шарт ёки масаланинг охирига етиши керак.