Кадастр хизмати: Инспекторларга планшет берилади
2023 йилда вилоятимизда 2223 ҳолатда 602 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Бу 600 га яқин футбол майдони дегани. Хўш, бундай қонунбузарликлар қандай аниқланяпти? Эътибордан четда қоладиган ҳолатлар ҳам бўладими?
Шу ва бошқа саволларга "E-yer nazorat" ААТ дастурининг тақдимотига бағишланган тадбирда жавоб олдик.
— Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ишлаб чиқилган мазкур ахборот тизими доимий такомиллаштириб борилмоқда, - дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ер ва кадастр назорати шуъбаси бош мутахассиси Х.Бердиқулов. – Ҳозир у ички ишлар вазирлигининг “E-maʼmuriy ish” ахборот тизими билан интеграция қилинган. Яъни, энди инспекторларимизга махсус планшетлар берилади ва улар мазкур қурилма орқали қонунбузарларнинг шахсига аниқлик киритиши, маъмурий баённомани расмийлаштириши мумкин бўлади. Бугунгача барча ҳужжатлаштириш ишлари қоғозда амалга оширилиб, кўп оворагарчиликка сабаб бўлган.
"E-yer nazorat" ААТ дастури ёрдамида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш муддати қисқарди ва идоралараро ҳужжат алмашиш тезкорлиги оширилди. У, шунингдек, мутахассисларга ер ҳолатини космик суратлар ёрдамида назорат қилиб бориш, ноқонуний қурилиш ёки қурилишдаги қонунбузарликларни эрта аниқлаш имконини беради. Соддароқ қилиб айтганда, энди акция ёки бошқа ҳуқуқий енгиллик умидида ерни ноқонуний эгаллаган, унда иншоот қуриб, ота-бобомдан қолган, дея иддао қиладиганларнинг найранги ўтмайди. Тизим ернинг бир неча ўн йиллик ҳолатини кўрсатиши мумкин.
— Аксарият қонунбузарлар бу қилмиши учун жавобгарлик борлигини ўйлаб ҳам кўришмаган, - дейди Х.Бердиқулов. – Аммо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 60-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларидан фойдаланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга эса эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган. Агар сиз ўзингизга тегишли бўлмаган ерда қурилиш ишларини амалга оширсангиз, БҲМнинг бир юз эллик баравари миқдорида, мансабдор шахслар уч юз баравари миқдорида жарима тўлайди. Ўтган йили инспекторларимиз томонидан белгиланган жарима чоралари 26 132 миллиард сўмни ташкил этган.
Тадбирда Кадастр агентлиги Картография давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ва Геинновация давлат унитар корхонаси мутахассислари томонидан мактаб ва мактабгача таълим учун ишлаб чиқилган интерактив харита тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Лойиҳа 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг хариталарни тез ва осон ўрганишига хизмат қилиши таъкидланмоқда.