Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кадастрга оид архив ҳужжатлар рақамлаштириляпти

Келгуси йилгача Самарқанд вилоятидаги қарийб 900 мингга яқин кўчмас мулк объектларининг ҳужжатларини рақамлаштириш кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар 29 мингга яқин архив ҳужжатлари рақамлаштирилиб, тартиблаштирилди.

- Таъкидлаш лозимки, кадастр филиалларидаги архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини юритиш мақсадида 2024 йил Давлат кадастрлари палатасида «Архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини тўғри юритишни йўлга қўйиш йили» деб эълон қилинди, - дейди Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси архив иши назорати бош мутахассиси Ғуломжон Мелиқулов. - Айни вақтда ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, улар томонидан кадастр йиғма жилдларининг мавжудлик ва ҳолатини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Бошқарманинг Жомбой, Нуробод, Қўшработ туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳар филиалидаги идоравий архивида сақланаётган кўчмас мулк объектларининг кадастр йиғма жилдларини рақамлаштириш ва уларни ҳисобга олиш бўйича режа-графиги тасдиқланди. Унга кўра, Давлат кадастрлари палатасининг вилоят туман (шаҳар) филиалларидаги идоравий архив сақловида жами 899 883 та кадастр йиғма жилд ҳужжатлари мавжуд бўлиб, шундан 839 301 таси турар жой объекти, 60 582 та синотурар жой объекти саналади.

Филиаллардаги маъмурий бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимларидан 38 нафари жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Барча туман филиаллар идоравий архивларида сақланаётган кўчмас мулк объектларининг кадастр йиғма жилдларини рақамлаштириш ва уларни ҳисобга олиш ишларини сифатли олиб бориши учун ишчи гуруҳларга зарур шароитлар яратиб берилган. 

Бугунги кунда ишчи гуруҳлари томонидан бошқарманинг туман филиаллари архивларида сақланаётган архив ҳужжатларининг мавжудлик ҳолатини ўрганиш ва рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда ҳар бир кадастр йиғма жилдлари рақамланиб, муҳрланмоқда ва сканер қилинган ҳужжатлар электрон ҳолатда юкланяпти.