Карантин даврида ўқувчиларнинг ўзлаштириши доимий назоратда
Ўқувчиларнинг карантин таътилидаги вақтини мазмунли ўтказиш ва уларнинг ўқув дастурида белгиланган билимларни ўз вақтида ўзлаштиришлари учун онлайн дарслар ташкил этилди. Хўш, мактабда бу жараён қандай назоратга олинган?
- Мактабимизда 50 нафар ўқитувчи, 630 нафар ўқувчи ва 24 та синф бор, - дейди Самарқанд шаҳридаги 39-умумий ўрта таълим мактаби директори Насиба Раҳимова. – Ўқувчиларнинг ўзлаштиришини назорат қилиш учун синф раҳбарлари, фан ўқитувчилари ва ота-оналар ҳамкорлигида телеграм гуруҳлар очганмиз. Бунда ўқитувчиларимиз ота-оналар билан онлайн мулоқот қилиб, ўқувчиларнинг ўзлаштиришини кузатиб, баҳолаб боришмоқда.
Теледарслардан ташқари, фан ўқитувчилари ҳар бир мавзу юзасидан қўшимча топшириқларни ўқувчиларнинг ота-оналарига жўнатиб, фарзандлари билан биргаликда дарс тайёрлашга жалб қилишган. Ҳар бир синф кесимида фан ўқитувчилари телеграм гуруҳларини буюк мутафаккирлар номи билан аташган: 5-”А” синф “Алишер Навоий” гуруҳи, 6-“А” синф “Ал-Хоразмий” гуруҳи, 7-“Б” синф “Ибн Сино” гуруҳи каби. Жумладан, «Ал-Хоразмий» деб номланган 6-“А” синфда 25 нафар ўқувчи бор.
- Уларга “Каср сонлар”, “Аралаш сонлар” мавзулари юзасидан аралаш сонни нотўғри каср кўринишида тасвирлаш, нотўғри касрни аралаш сонга айлантириш, касрлар устида амалларни бажариш каби топшириқлар, қизиқарли масалалар ва тестлар бериб, ўқувчиларни баҳолаяпман, - дейди математика фани ўқитувчиси Мадина Жуманова.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.