Карантинга қарамай, пойга уюштирган шахслар 10 суткага қамалди
Самарқанд тумани “сариқ” ҳудуд тоифасида бўлган вақтда эрталаб соат 6:00 дан кеч соат 22:00 га қадар автомашинада стикерсиз ва бошқа махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга рухсат этилган.
Бироқ Шавкат Бозоров ва Дамир Тўхтаев (исм, фамилиялар шартли) эпидемияга қарши кураш талабларини бузиб, соат 23:50 лар атрофида туманнинг Ўзбеккенти маҳалласи ҳудудида давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб, транспорт воситаларида ўзаро пойга уюштирган. Оқибатда қатнов йўлида авария ҳолатини келтириб чиқариш билан бирга жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимай, тунги вақтда автомашина мотор овозини кучайтириб бошқарган. Яъни, маҳалладаги фуқароларнинг осойишталигини бузган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида ҳуқуқбузар Шавкат Бозоров бошқарувида бўлган “Нексия” русумли транспорт воситасига тегишли рухсат олмасдан транспорт воситасининг конструкциясига ўзгартириш киритгани аниқланган. Яъни, у транспорт воситаси мотор тизимига ҳамда тутун чиқарувчи трубасига кучайтирувчи мосламалар ўрнатган.
Суд ҳуқуқбузар Шавкат Бозоровни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисми, 125-моддаси (транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 3- ва 5-қисми, 129-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиш) 1-қисми ва 183-моддаси (майда безорилик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир қилган, деб топди.
Унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, дарҳол суд залидан маъмурий қамоққа олинди. Ундан маъмурий қамоқ даврида тўланадиган харажатлар учун 334 минг 500 сўм ундирилади.
Дамир Тўхтаевга ҳам 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, 334 минг 500 сўм ундириладиган бўлди.
З.КАРИМОВ,
Самарқанд тумани маъмурий суди раиси.