«Карнай-сурнайнинг садоси» тескари реакция бермайдими?

- Нима, одамлар пулини қаёққа ишлатишни билмаяптими, тушунмадим…

- Ахмоқона урф-одатлар ўйлаб топиш бўйича биринчи ўринда бўлсак керак.

- Пули шунчалик кўп экан, мактабга, муҳтож ўқувчиларга ёрдам қилса бўлмасмиди, савоб олиб, фарзандининг мактабга қадам қўйишини яхши амаллар билан бошлаши ўзига фойдалироқ бўлардику…

- Орзу-ҳаваснинг чек-чегараси йўқ эканда, а?!

- Ғирт ахмоқгарчилик-ку бу ахир!

Ушбу фикрлар яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган видеотасвирларга нисбатан ёзилган юзлаб изоҳларнинг бир қисми, холос. Яқинда фарзандини биринчи синфга уйидан карнай-сурнай садолари остида жўнатаётган оила тасвири туширилган видео тарқалиб кетди.

Фикр билдириш имкони мавжуд бўлган тармоқларда одамлар бу ҳолатни турлича талқин этмоқда. Кимдир хурмача қилиқлар, деса, яна биров кўрмаганни кўргани қурсин, деди. Хуллас, кўпчилик бу ҳолатни қоралади.

Табиийки, инсонда яхши кунларини ўзига хос тарзда, хурсандчилигини дабдаба билан нишонлашга мойиллик кучли. Лекин фарзандини мактабга жўнатиш учун карнай-сурнай ташкил қилиш нимадан далолат беради, унинг биз билмайдиган оқибатлари борми? Бу ҳақда амалиётчи психолог, СамДУ ўқитувчиси Абира БАҲРОМОВА қуйидагиларни гапириб берди.

- Биринчи навбатда биз орзу-ҳавас деган тушунчага аниқлик киритиб олишимиз керак, - дейди А.Баҳромова. – Яъни, дабдаба ва турли ясама, кимнингдир хаёлига келиб қолиб амалга ошираётган ишлар орзу-ҳавас эмас. Бу тушунчанинг замирида биз узоқ йиллар ардоқлаб келган, фарзандларимиз камоли, бахтини кўриш, уни одобли, ахлоқли қилиб тарбиялашдай эзгу ниятлар мужассам бўлган. Бугун бирови чиқиб, келин-куёвни устига доллар сочишини ҳам орзу-ҳавасга йўяяпмиз, боласини ўқишга жўнатишга карнай-сурнай чақириши ҳам яхши ният эмиш. Аслида бола тарбиясида бундай усул жуда хатарли саналади. Болага кичик ёшиданоқ муҳайё этилган ҳаддан ташқари шароит, дабдаба умуман меҳрсиз, қаровсиз ўсган болага нисбатан муносабат билан бир хил таъсирга эга. Яъни ота-она карнай-сурнай чақириб, ёки бошқа шунга ўхшаш дабдабали хатти-ҳаракатлар билан болага меҳр бераяпман, деб ўйлайди. Ваҳоланки бу ҳолат болани ота-онадан узоқлашиши, бегоналишишига олиб келади. Бола ота-онани оддий таъминотчи сифатида қабул қилади, худбинлашади ва ундан доимий равишда шундай муносабатни талаб қила бошлайди. Бундай болалар улғайганда ижтимоий ҳаёт билан юзлашиши жуда қийин кечади, сабаби оддий – унга ота-онаси қилган муносабат ҳар доим ҳам учрамайди. Бу ҳолат уни қийин вазиятга солади, у ўзини тополмайди, қийналади. Хатони ўзидан эмас, бошқалардан, кўпинча ҳатто ота-онасидан ҳам излай бошлайди. Ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз, ҳаддан ташқари дабдабага, меҳрга эрк берилган ҳолда улғайган болаларнинг ота-онаси фарзандидан улғайганда меҳр кутади, аммо натижа улар ўйлаганидай бўлиб чиқмаслиги жуда ачинарли. Шунинг учун ота-она доимий равишда фарзандига шундай муносабатда бўлса, уни тенгдошларидан кўра кўпроқ шароит яратишга интилиш, ҳаддан ортиқ меҳр бериш бола тарбияси учун зиёнлигини ўз вақтида англаб етишлари лозим. Боланинг келажагига болта уришдай гап, бундай муносабат.

Ваҳоланки меҳрни тўғри йўналтириш, пулни тўғри, ақл билан сарфлаган ҳолда болага қўшимча шароит яратиш ҳам мумкин. Бунинг учун бугун ҳар бир ота-она биринчи навбатда бола тарбияси билан боғлиқ илк тушунчалар билан танишиб чиқса мақсадга мувофиқ бўларди. Фарзандимизнинг камолини кўриш, келгусида унинг меҳридан ҳам баҳраманд бўлишни истасак биринчи навбатда ота-оналарнинг ўзи бу юксак мақомга тайёр бўлишлари лозим.

Гулруҳ МЎМИНОВА.