Картошка зараркунандадан қандай асралади?

Нурали ШЕРАЛИЕВ,

Паст Дарғом туманидаги "Дилнура пахта даласи"

фермер хўжалиги иш юритувчиси.

– Картошка куяси дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатида учрайди. Ўзбекистонда эса дастлаб 2009 йилда пайдо бўлган бўлса, ҳозирда республикамизнинг картошка экиладиган барча туманларида учратиш мумкин. Бу ҳашарот тропик иқлимга мослашганлиги боис иссиқда ҳам, илиқ ҳавода ҳам бирдек ривожланиши мумкин.

Бу зараркунанда картошка поясининг паст қисмига ва кесаклар орасига тухум қўйиб, бир мавсумда 5-6 мартагача авлод қолдиради. Агар илиқ жойда қишласа, баҳоргача 4-5 мартагача тухум қўйиши мумкин. Картошка куяси кўчатларга ҳам, баравар ўсаётган ўсимликларга ҳам бирдек зарар етказади. Картошка ҳосилини омборга жойлаштираётганда зараркунанда ҳам қўшилиб кетса, 25-80 фоизгача картошка туганакларини нобуд қилиши мумкин.

Картошка куясига қарши курашиш учун маҳсулот сақланадиган жойларни 20 фоизли "Энталучо" препаратининг 25 граммини 10 литр сувга аралаштириб, фимугация қилиш керак. Сақланадиган уруғликнинг 3 тоннаси учун "Энталучо" 20 фоизли препарати ва 1 литр "Энтосплан" 20 фоизли кўк препаратлар асосида 150-200 литр сувга ишчи эритма тайёрлаб, ишлов бериб, сўнгра 2 соат давомида димлаб қўйгандан сўнг омборга олиб кириш лозим.

Ойбек ТОЛЛИБОЕВ,

ўсимликлар карантини вилоят ҳудудий инспекцияси

Паст Дарғом туман агроном инспектори.