Касаба уюшмалар ташкилоти хотин-қизлар манфаатини қандай ҳимоя қиляпти?
Вилоят Матбуот уйида хотин-қизларни ички туризмга жалб этиш борасида касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълум қилинишича, касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!” дастури доирасида шу йил бошидан 13 минг нафардан кўпроқ ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзоларининг ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор қадамжолар ҳамда тарихий шаҳарларга саёҳати ташкил этилган. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг январь-май ойларида минг нафардан зиёд ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари Хоразм вилоятига 3 кунлик, Тошкент шаҳрига 2 кунлик бепул саёҳатга бориб келган. Йил якунига қадар юқоридаги икки манзилга яна минг нафардан кўпроқ ишчи-ходимлар учун саёҳат уюштириш режалаштирилган.
- Хотин-қизлар масаласи ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳар томонлама моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш касаба уюшмалари тизимининг доимий диққат марказида, - дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Шу боисдан ҳам Кенгашимиз томонидан шу йилда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан вилоятимизнинг туман ва шаҳарларидаги, олис ва чекка қишлоқларда яшовчи турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келаётган 800 нафар хотин-қиз учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури асосида Самарқанд шаҳри бўйлаб зиёрат саёҳати ҳамда “Муқаддас аёл” номли маданий тадбир ташкил этилди.
Анжуман давомида вилоятимизда “Аёллар дафтари”нинг 5-босқич тизими бўйича касаба уюшмалари томонидан жойларда жамоатчилик назорати олиб борилаётганилиги тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Жумладан, 2024 йилда “Аёллар дафтари”га ижтимоий химояга мухтож 104 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар киритилган бўлиб, бугунги кунда 60 минг нафарга яқин хотин-қизга тегишли ташкилотлар томонидан амалий ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашилди, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратилди. Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд, қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдамлар берилди. Шунингдек, 28 нафар хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирланиб, 211 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг ижара компенсациялари тўлаб берилди. Жойларда ўтказилаётган хатловлар натижасида кўплаб хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб бораётгани таъкидланди.
Матбуот анжумани давомида мутахассислар гендер аудит масаласига ҳам тўхталиб, йил бошидан буён молия, транспорт соҳаларида фаолият олиб бораётиган хотин-қизларга берилаётган имтиёзларнинг амалда бажарилиши ўрганилгани айтиб ўтилди. Шунингдек, тиббиёт ва таълим соҳалари ўрганилганда кўп ҳолларда туғруқ таътилидан қайтганда ўз ишига жойлашишдаги муаммолар кузатилгани, бу каби ҳолатлар ижобий ечим топгани айтиб ўтилди. Журналистлар саволига мутахассислар жавоб қайтарир экан, бугунги кундаги энг долзарб масала якка тартибдаги тарбиркорларда ишлаётган хотин-қизлар манфаати ва уларнинг ижтимой қўллаб-қувватланиши борасидаги ёки аксинча, йўл қўйилаётган камчиликларга барҳам бериш, бу тўғрисида матбуотга доимий маълумот бериб бориш, у орқали бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиганларга намуна ёки огоҳлантириш бўлиши таъкидланди.
Анжуман якунида яқин кунларда касаба уюшмаси тизимида фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида Нурота туманига саёҳат уюштирилиши маълум қилинди.
Ҳусан Элтоев.