Касаначилик ташкил этган тадбиркорларга субсидия ажратилади

- Ҳунармандман. Ўзимдаги мавжуд битта тикув машинасида кийим-кечак тикиб, рўзғорга беш-тўрт сўм қўшимча маблағ киритаман. Яқинда Самарқанд шаҳрида тикувчилик йўналишида фаолият юритаётган тадбиркор билан оғзаки келишувга эришдим. Мен унга касаначи сифатида ўз уйимда кийимларнинг маълум қисмини тайёрлаб берсам, шартнома асосида хизмат ҳақи бераркан.

Айтинг-чи, тадбиркорлик корхонасига касаначи сифатида шартнома сифатида ишга ўтсам бирор асбоб-ускуна ва хомашё харид қилишим учун субсидия олишим мумкинми?

Наргиза Содиқова,

Жомбой тумани.

Ушбу саволга “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов жавоб берди:

- Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга субсидия ажратиш тартиби белгиланган.

Юқоридаги қарор асосида “Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.

Низомга мувофиқ, касаначиликни ташкил қилган тадбиркорларга Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан қуйидаги миқдорда субсидиялар ажратилади:

- ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида;

- 2025 йил 1 январга қадар касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача;

- касаначилик ёки ҳунармандчилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача;

- касаначиларни касб-ҳунарга ўқитишга сарфланадиган харажатларни уч ойгача бўлган муддатда қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваригача;

- нодавлат таълим ташкилотларида касаначилик йўналишида ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчига касбга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан ошмаган миқдорда.

Субсидия олиш учун ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида маҳаллий меҳнат органига ёки ЯИДХП (my.gov.uz) портали орқали мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаатда касаначи маълумотлари, субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисобварақ ва манзили кўрсатилади. Мурожаат 3 иш кунида кўриб чиқилади.

Субсидия ажратиш қуйидаги ҳолатларда рад этилиши мумкин:

- ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинмаганида;

- касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси Ягона электрон шартномалар порталида рўйхатдан ўтказилмаганда;

- касаначининг дастлабки 3 ой давомидаги даромади ҳақидаги маълумот ҳаққонийлиги тасдиқланмаса.

Мурожаат рад этилганида 1 кунда бу ҳақда мурожаатчига хабар берилади.

Субсидия ажратиш ҳақида қарор қабул қилинганида 5 иш кунида субсидия мурожаатчига ўтказиб берилади.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.