Касб-ҳунар коллежлари тугатиладими?
Ўтган йилларда таълимни ривожлантириш, модернизация қилиш ва мазмунан янгилаш мақсадида касб-ҳунар коллежларининг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу тадбирлар самарасида касб-ҳунар таълими муассасаларидаги мавжуд аҳвол таҳлил қилиниб, тизимнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги ва туб ислоҳотларга муҳтожлиги аниқланди.
Вилоят Матбуот уйида ўтказилган анжуманда вилоят касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси мутасаддилари тизимда амалга оширилган ўрганишлар таҳлили, бошқарма тасарруфидаги муассасаларнинг бундан кейинги фаолияти юзасидан журналистларга маълумот беришди.
- Касб-ҳунар коллежлари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлмаган масофада жойлашгани, моддий-техник базаси даражасининг пастлиги, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари етарли эмаслиги каби муаммолар ушбу таълим тизимини тубдан янгилашни тақозо этди, - деди вилоят касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов. – Шу мақсадда Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Энди профессионал таълим тизими илғор хорижий тажрибалар асосида ҳаётга жорий этилади. Унда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичлари орқали малакали кадрлар тайёрланади.
Вилоятимизда бугунги кунда 167 та касб-ҳунар коллежи фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 64 таси касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларга айлантирилади. Қолганлари фойдаланиш учун олий ҳамда халқ таълими муассасалари тасарруфига ўтказилади.
Мамлакатимизда халқаро стандартларга мос янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.