Каттақўрғон ИИБ ходими бўрттириб ёзилган мақоласи учун огоҳлантирилди
Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси Каттақўрғон туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, капитан Воҳид Жаҳонгиров томонидан ёзилган "Нафсига қул кимсалар, дардлари пул кимсалар ёхуд ноинсоф аёлнинг қилмиши олди олинди” сарлавҳали мақоласи юзасидан расмий муносабат билдирди.
"Ижтимоий тармоқларда ушбу мақола юзасидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар турлича.
Нима бўлганда ҳам, бировнинг машаққат билан давлат хирмони учун эккан ҳосилини талон-торож қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ушбу ҳолатда аёл кишининг қилмишига қонуний жиҳатдан баҳо берилади. Лекин ИИБ ходими томонидан ҳақиқатан ҳам бўрттирилиб ёзилган ушбу мақола эгаси билан тушунтириш ишларини олиб бордик.
Aёл хоҳ жиноятчи бўлсин, хоҳ ҳуқуқбузар бўлсин, у — аёл. Уларни ардоқлаш ва қадрлаш лозим. Мақола муаллифи В.Жаҳонгиров билан яна бир маротаба алоҳида гаплашиб, расман огоҳлантирдик.
Тармоқ фойдаланувчиларидан бир ходимнинг сўзлари учун бутун бир тизим номига ноўрин сўзлар айтишдан йироқ бўлишларини илтимос қиламиз», дейилган бошқарма муносабатида.