Каттақўрғон шаҳридаги 10 оилага 5 миллион сўмдан пул берилди

Бугун жойларда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, камбағалликни тугатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар асосидаги ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Бу борада Каттақўрғон шаҳрида ҳам маҳаллалар кесимида рўйхати шакллантирилган, кам таъминланган оилаларни камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова раҳбарлигидаги 1-секторда жойлашган Навбаҳор маҳалласида сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи уч оилага 2 бошдан қўй, 13 оилага бир қопдан ун, 1 нафар фуқарога попкорн аппарати, уй-жойини таъмирлаш учун 10 нафар фуқарога 5 миллион сўмлик сертификатлар тақдим этилди.

- Мактаб ошхонасида ишлардим, - дейди “Кўҳнадам” маҳалласида яшовчи Гулнора опа. - Ҳозирда уйдамиз. Бир нафар фарзандим бор, у ҳам ишсиз. Бугун бизга шаҳар ҳокимлиги томонидан она-бола қўй беришди. Албатта, келгусида шунинг ортидан оиламизнинг моддий аҳволини яхшилаймиз.

Г.Алимова сертификатларни топширар экан, бугун шаҳарда ҳар бир инсон тақдири эътиборда экани, оилалар фаровонлиги, тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш, аҳоли ҳаётини ҳар томонлама яхшилаш бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.