Каттақўрғон шаҳридаги Амир Темур кўчаси сув ва канализация тармоғини янгилаш учун ковланган
Бу ерда 7 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилади
Ижтимоий тармоқ орқали фойдаланувчи Саид Саидов 21 август куни “Каттақўрғон шаҳар Aмир Темур кўчасида катта қурилиш ишлари бошланганди, 2-3 километр жой жуда аянчли ковланиб ташланди.
Бунгаям 1 ой бўлди, лекин нимага ҳозирда қурилиш тўхтади?", деган мазмунда пост қолдирган.
Мазкур масала юзасидан вилоят ҳокимлигининг тегишли мутахассислари қуйидагича жавоб беришди:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов раислигида 2020 йил 5 май куни Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини жадаллаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилиш баёнининг 6-бандига мувофиқ, Каттақўрғон шаҳар марказида яшовчи аҳолини доимий ичимлик суви билан таминлаш ва сифатли канализация хизматини ташкил қилиш мақсадида Амир Темур кўчасидаги хизмат муддати тугаб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган ичимлик суви ва канализация тизимларини жорий йилда янгидан қуриш ва реконструкция қилиш бўйича топшириқ берилган.
Топшириқ ижросини таминлаш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва ижобий экспертиза хулосаси олинган. Шу асосда тендер савдолари ўтказилган. Тендер савдолари натижаларига кўра, “Транс нефт монтаж строй” МЧЖ шартнома нархи (ҚҚС билан) 7 000 577 566 сўмлик сўмлик қурилиш-монтаж ишларини тўлиғича қуриб топшириш шартлари билан ғолиб, деб топилган.
“Транс нефт монтаж строй” МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тасдиқланган лойиҳа асосида олиб борилмоқда. Объект белгиланган муддатда фойдаланишга топширилади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозим, ушбу объект йилдан-йилга ўтувчи ҳисобланади, яъни белгиланган ишлар 2021 йилда ҳам давом эттирилади.