Каттақўрғон ва Ургутда электр энергияси ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Яккабоғ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги уйда фуқаро М.Ш. умумий фойдаланишдаги электр тармоғига майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан улаб олганлиги аниқланган.

М.Ш. бу ноқонуний ҳаракати билан 81,1 минг кВт/с электр энергиясини сарфлаганлиги ҳамда ушбу хонадон хўжалик биносида фуқаро А.А. 52,1 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 144,3 млн. сўм зарар етказган.

Департаментнинг Ургут тумани бўлими томонидан туман электр таъминоти корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда эса “Q.A.” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ғ.Р. хўжаликнинг 2 дона сув насосини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 267 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 120,1 млн. сўм зарар етказган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.