Каттақўрғонда бир кунда 3 та хусусий болалар боғчаси очилди
Бугун Каттақўрғон туманида фаолият кўрсатаётган “INTEKO GAZ OIL” масъулияти чекланган жамияти томонидан 11 млрд. 220 млн. сўм маблағ эвазига қурилган «KIDS CAMP» номли замонавий хусусий бoғчанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шунингдек, туманнинг Мейлихўжа маҳалласи ҳудудида Давлат хусусий шерикчилик асосида хусусий тадбиркор Анвар Норбоев томонидан қуввати 240 ўринли, 9 миллиард 700 миллион сўмлик “WILLAGE SCHOOL” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам иш бошлади.
Яна бир тантанали очилиш маросими Полвонтепа маҳалласида тадбиркор Ғайбулла Болтаев томонидан 75 ўринли 1.1 миллиард сўм сарфланган "Special Childirn" номли хусусий мактабгача таълим ташкилотида бўлиб ўтди.
Боғчаларнинг очилиш маросимларида туман ҳокими Жамшид Насриддинов, 2-сектор раҳбари Эркин Ахмеджонов, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Муассасалар замонавий усулда қурилган бўлиб, ўйин майдончалари, ошхона, мусиқа, спорт зали ва бассейнлари жаҳон стандартлари асосида жиҳозланган.
Боғчалар инглиз, рус ва ўзбек тилларига мўлжаланган. Кундалик машғулотлардан ташқари шахмат, шашка, расм чизиш, бадиий гимнастика, сузиш тўгараклари ҳам фаолият кўрсатади. Ҳар бир гуруҳ хонасига ўрнатилган кузатув камералари тизими орқали ота-оналар уйларида ўтириб, интернет ёрдамида фарзандларининг машғулотларини кузатиши мумкин.