Каттақўрғонда IT-марказ очилади

Ишсиз, кам таъминланган оила фарзандлари, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтганлар, касб-ҳунарга ўқиш ва тадбиркорлик қилиш истагидаги ёшларнинг қизиқишларини ким ўрганади? Уларнинг орзу-истаклари, мақсадларига етишларида ким ёрдам беради? Каттақўрғон туманида ўтказилган “Ёшлар форуми”да шу каби масалаларга эътибор қаратилди.

Форум аввалида тумандаги корхона-ташкилотлар ва муассасаларнинг кўргазмаси ўтказилди, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрик ташкил этилди. Бўш иш ўринлари ярмаркасида 142 ташкилотдаги 483 та бўш иш ўрни ёшларга таклиф этилди.

Айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича туманда ташкил этилиши режалаштирилган IT-марказининг кўргазмаси ёшларда қизиқиш уйғотди. Тумандаги тижорат банклари ҳамда давлат хизматлари марказида ташкил этилган “Лойиҳалар фабрикаси” ходимлари томонидан тадбиркорликка қизиққан йигит-қизлар учун мастер-класс ўтказилди.

Форум доирасида қишлоқ хўжалик техникалари кўргазмаси ҳам ўтказилди. Тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга 6 та юк ташиш мотоцикли ва 2 та мотокультиватор имтиёзли кредит асосида берилди.

Форум доирасида туман ҳокимининг ёшлар билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.