Каттақўрғонда ёқилғи тўла цистернага тушиб кетган фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди
Жорий йилнинг 28 март куни соат 18:50 да Каттақўрғон тумани фавқулодда вазиятлар бўлими 13-ёнғинга қарши курашиш бўлими алоқа хизматига фуқаро Абдулла Қозоқов қўнғироқ қилди. Унинг маълум қилишича, Кадан қишлоғида жойлашган “TESERO SUELLO” автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси масъулияти чекланган жамияти ҳудудидаги бензин сақлаш сиғимига одам тушиб кетган.
Хабарга асосан 13-касбийлашган ёнғинга қарши курашиш қисмидан 1 та жанговар экипаж воқеа жойига 2 дақиқа ичида етиб борган. Аниқланишича, 24 м3 сиғимли бензин сақланадиган цистерна ичида Кадан қишлоғида яшовчи, 2002 йилда туғилган Ҳусан Озодов ҳушсиз ҳолда ётган эди. Экипаж аъзолари тезда ёнғин қутқарувчиси Муҳриддин Асадовни қутқарув арқони орқали сиғим ичига туширди. Муҳриддин жабрланувчини қутқариб, цистернадан олиб чиқди.
Воқеа жойида Ҳусанга тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, туман марказий шифохонасига олиб кетилди. Бир инсон ҳаётини сақлаб қолган жанговар экипаж аъзолари соат 19:17 да 13-касбийлашган ёнғинга қарши курашиш қисмига қайтиб келди.
Фозил ТУРДИНИЯЗОВ, Каттақўрғон тумани ФВБ бошлиғи ўринбосари, капитан.