Кавсарлик 19 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди

Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даврида Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида кенг кўламли ишлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Жумладан, Иштихон тумани давлат солиқ инспекциясига бириктирилган 4-секторда аҳолининг кам таъминланган ва ишсиз қатлами бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сектор ҳудудидаги Боғбон маҳалла фуқаролар йиғини Кавсар қишлоғидан ажратилган 1,9 гектар ер майдонида “Шижоатли ёшлар даври” қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, иқтисодий кўмакка муҳтож ва ишсиз бўлган 19 нафар кавсарликка сабзавот экиш учун 10 сотихдан ер майдони ажратиб берилди. Мазкур қишлоқ хўжалиги кооперативи ер майдонига “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича помидор кўчатлари экилди. Шунингдек, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда кооператив аъзоларига 42 миллион 300 минг сўмлик субсидия ажратиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди. Бундан ташқари, келгусида мазкур кооперативга помидор кўчатлари етказиб бериш мақсадида қишлоқда истиқомат қилувчи 7 та камбағал оилага 0,5 сотихли иссиқхона қуришга субсидия ажратишга дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилганини қайд этиш лозим.

– Туман 4-сектори раҳбари ёрдамида бизга ер майдони ажратилиб, экиш учун кўчатлар берилди, – дейди Дилбар Шерназарова. – Қувонарлиси, бу иқтисодий аҳволимизни яхшилаш, барқарор даромад манбаига эга бўлишимиз учун ажойиб имкониятдир. Бу имкониятдан унумли фойдаланиб, турмушимиз фаровонлигини оширамиз. Мамлакатимизда аҳолининг камбағал қатламини қисқартириш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлардан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.