Кечаги ва бугунги кун: Яхшилари ҳам, аксилари ҳам бор

(Эссе)

Болалигимизда сариқ темир қопламали, одамлар ичида зич бўлиб кетганда ҳидланиб кетадиган автобусда туман марказига борганмиз.

Иштихон шаҳарчасига кириб келганимизни қуюқ дарахтзор бошланиши билан англардик. Сабабиодамлар: «Худога шукур», «Мурод Жўраев экканда», «Ҳамма жойга чинор экиш керак», «Ҳамма ҳоким шунақа бўлса-да» дер, тандирдек қизиб кетган автобус бирдан совий бошлашини танасида ҳис қила бошлар, сабаби, дарахтлар жуда қуюқ соя бериб турарди.

Ундан аввалги кунларда ҳарбийлар, ёшлар, қариялар қўлига совет байроғини олиб, ҳокимият биноси олдида туриб олган совет раҳбарлари, совет армияси генераллари турган минбар ёнидан бахтиёр қўл силтаб: «Ура», «Ура», «Ура», дея «парад» юриши қилиб ўтиб кетардилар. Биз ҳам тақлидан: «Ура» деб уч марта қўл силкитиб, қичқирардик.

Отам берган темир чақаларга нимадир еган, ичган бўлиб, яна ўша чарсиллаб қизиган «темир қафас»ларда уйга қайтганларимни хотирлайман.

Уйимиз орқасидаги пахтахонадан қишнинг қаҳратон кунлари ҳам ҳатто ғўзани совуқ ўриб бўлган кўрак-чаноқларини ҳўл фартукда уйга елкалаб, бошимизга қўйиб, кўтариб келиб, чувирдик. Қор ёққан пайти ҳам далага олиб чиқишар, совуқдан бармоқ учларимиз қотарди.

Йўқ толага шип-шийдам, қорли далада бизни буқадар нега изғитишган, тушунарсиз? Гувва-гувва ўқувчилар, айниқса, ўқитувчиларни умри далада эди.

Ўқитувчи сиёсатчи, пахтани ўзи сиёсат, ейиш-ичишинг эса умуман сиёсат эмас, саксон тийин шакар нархи, лекин қани уни ишлаб топишга вақт, эркинлик?!

Кўчада тутиб олиб пахта теришга қувиб кетса, доим товонинг ёриқ, қўлинг чаноқларда тилинган, ҳамманинг кафти ғадир-будир, тирноқлар ости кир-чир бўларди.

Чет элга бориш ёки эркин ишлаш, пул топиш керакми?! Ундай қилсанг, коммунистик партиянинг душманисан! Савдогарлар бўлган, мелисадан қочиб кун кўрган, уларни салкам «халқ душмани»дек ҳаллослатиб, қувиб, «чойчақачи устаси фаранглар» деб фельетонлар қилардилар...

Ҳаммада мўл-кўл ер, бизда отамнинг отасидан қолган ерлар аллақачон қўшниларга бериб юборилган, ота-онадан етим қолган отам холасини қўлида вояга етиб, уйланиб, ўз қишлоғига қайтиб келганида ҳамма жой эгаллаб бўлинган, отамга эса кичик парча ер қолган. Отамнинг отасининг ери эса қишлоқнинг ярмини эгаллаган экан.

Биз бир парча ерга ишлов берардик, нима эксак, ҳосилимиз сотишда арзон бўлиб кетар, аммо ўзимиз рўзғорга маза қилиб ишлатардик.

Отам Иштихонда яшайдиган корейс миллатига мансуб кичик сонли қавмларга қараб, карам, сабзи, помидор, бодринг, бўлғор қалампирларини қайта ишлаш: шўр карам, шўр помидор, «марковча», қизил бўлғорни тузлаш, баъзида помидор пасталарини кичик банкаларга ёпишни мустақил ўрганиб чиқди ва уйимизда жой тайёрлаб, ёғоч идишлар, салафан қопларга, ҳатто катта ўраларга тонна-тонна карам тузлаш йўлларини ўрганиб олди.

Аям эса қаҳратон қишдаям бозордан қолмай, отам тайёрлаб берган, қайта ишланган сабзавотларни сотиб келар, қишдан биз бемалол бой бўлиб чиқардик.

Ҳозир аям 84 ёшда, умрида оғир касал бўлиб хастахоналарда ётмаган. Мана эндигина бир неча кун аввал, касалхона эшигидан кириб врач кўрсатмасида, “буйрагида жуда оз шамоллаш бор, онахон нега бунча безовта, қўрқаяпти? Қанд касали йўқ, қон босими ҳам юқори эмас. Оналаримизнинг соғлиги темирдек мустаҳкам, советнинг одами-да...”, деб қолди.

Қизиқ, ўзим советни мактабида ўқиганман, устозларимни яхши кўраман. Ота-онам советнинг одами”, лекинсоветнинг замони”ни негадир ёмон кўриб қолганман.

Фикрларимни тартибга олиш учун яна аямни, оиламиздаги соғлом муҳитдан гапирсам... Сабабиуйимиздаги интизом, овқатланиш ва унинг рациони тартибларга тўғри келган. Масалан, уйимизда ҳар ҳафта ош қилинар, ҳафтада бир марта кальцийга бой туёқ шўрва, хасипли овқат, шолғом солинган қўй гўштидан шўрва, балиқ ҳам тез-тез олиб келиниб, пишириларди.

Тонг саҳардан сут ичиб мактабга кетардик. Қишда яшил кўкатларни ҳам ўзимизга, қўшниларга бериб юборардик, бозорга ҳам олиб бориб сотардик. Оилани, болаларни парваришлашда гўё отам аллақаердан дарс олиб келганга ўхшарди.

Ҳозир ҳамма жойда шу ҳақида ёзишади, айтишади. Сунъий овқатларни кўп истеъмол қилиш зарарлари такрор-такрор айтилади, отам ҳам такрор-такрор, шакарни кам истеъмол қилишимиз, иссиқ овқатни вақтида еб туришимиз, ювинишда, озиқ-овқат, сувни ишлатишда покликка амал қилиш, оёқни иссиқ тутиш каби амалларни айтишдан чарчамас, баъзида қаттиққўллигини ошириб ҳам юборарди.

Масалан, очиқ қолган сув идишидан жаҳли чиқар, далада қанчалик кўп ишлаб келмасин бизга тушинтиришдан чарчамас, қўлни совунлаб ювишни, овқатимизга атайдан саримсоқпиёз солишни такрорлаб турар, уйимизда турпсиз ош ейилмас, мошсиз қишни ўтказмасдик, шолғомсиз шўрва бўлмасди.

Мамлакатимизда, ҳатто бутун дунёда шу оддий ҳақиқатлар, отам айтиб ўтиб кетган гапларнинг ҳар бири кун, ҳафта, йил муҳокамаларига сабаб бўлди. Ушбу кунлар нопоклик, ювуқсизлик, овқатланишда озиқнинг ҳар бир фойдали, зарарли томонлари ҳар бир халқда шаклланиши керак эканки, у бутун бир жамиятнинг қирилиб кетишига ҳам сабабчи бўлар экан.

Иммунитути баланд кишилар, халқлар жуда кўп талафот кўрмади. Лекин Америкадек бадавлат давлат аҳолиси катта зарарланди.

Интернет халқларнинг турмуш даражасини ўрганишни яқинлаштириб юборди. Масалан, хитойлар ва ҳиндларнинг турмуш даражаси, овқатланиш маданияти, бизни асрлардир тарбиялаб келинган халқимизнинг турмуш этикасидан бутунлай узоқ. Лекин ҳозир биз қаерга борсак, ўша жойни одатларини ўзимизга сингдириб олишимиз хавфли тусга кирди. Жуда хавфли. Негадир бу ҳақда жамоатчилик гапирмайди...

Болаликка яна қайтамиз.

Ёз бошланиши билан отамга қўшимча берилган еримизга чайла қилиб кўчиб кетардик, сингилларимнинг бешикларигача у ерда бўлар, ҳандалакларни отам энг биринчи бўлиб бозорда сотиб келарди. Қўшниларга ўргатар, текинга ҳам бериб юборарди.

Қовунларни есак, айниқса, ярим метрлик қовун тилимлари кун бўйи тўқ тутар, кун бўйи сакраб, деворларга, дарахтларга чиқиб ўйнар эдик.

Отам жаннатни одами бўлганми, ўнта фарзандни хаста қилмай, оч қолдирмай, ҳаром едирмай катта қилиши, кўзимиз тўқ, ақлимиз тўқ бўлишига эришган. Лекин мактабда яхши ўқишимизни тайинларди.

Журналлар, газеталарнинг ўн-ўн беш хилига обуна бўлишдан оғринмас, ҳамма газета ва журнални берилиб ўқир ва бизни ҳам ўқишга ундарди. "Фан ва турмуш", "Саодат" журналлари гўё қишлоқда биринчи бизнинг уйда пайдо бўлардими, уйимизга почтачи ташлаб кетгандан биров бу газетани, биров бу журнални ўқигани ўқиган эди. Қўшнилар илтимос билан баъзида ўқиб бўлинган газеталарни, журналларни сўраб, олиб чиқиб кетарди.

Аммо советни ташвиқоти энг биринчи саҳифаларда, олд кўринишда бўларди. Ҳозир ўйлайман, бизни қанчалик “советлаштиришга уринмасинлар биз барибир ўзлигимизга талпинаверганмиз.

Озиқ-овқатни гапираётгандик...

Бизнинг Иштихон томонларда сариёғга пиширилган ғилминди таомини кўпчилик ёқтиради. Бу таомни бошқа жойларда унчалик билишмайди. Билишса-да, айни бизнинг усулда пиширмайди. Бизнинг оилада ҳам ҳамма ёқтиради. Уйимизда сариёғ текин ва сифатли бўлиши учунгини сигирлар боқиларди.

Аммо ўша болалигимиздаги шолғомлар, картошкалар, помидор, редискалар бошқача таъмга эга эди. Инсон ҳатто қадрдон сабзавотларини соғинишини чет элда юрганимда аниқ ҳис қилдим. Ўзининг юртида етиштириладиган сабзавотларни соғиниш ҳиссини биринчи марта танамда билдим. Ўхшаш шаклларини кўрсам ҳам уларни, улар орқали уйимни соғиниб кетавердим.

Ҳозир сабзавотларнинг энг чиройлиларининг ичида ҳам ҳатто ўша таъм йўқ. Улар қаерга йўқолди? Помидорлардаги сувлик ва тотли таъмга нима бўлди?

Тарвузларнинг пўстлоғи ва мағзи оралиғидаги шўрсифат таъм қаердан чиқди? Данаги кўп бўлса-да, ниҳоятда ширин бўларди улар...

Яна ўша маъшум пахта далаларидаги кунларни эслайман.

Самолётда пахтани устига дори сепардилар, огоҳлантирмай одамлар устига ҳам сепиб кетардилар. Сассиқ ҳид оламни қопларди. Мактабларни сариқ касал тарқаган ойларда касалхона сифатида ишлатардилар.

Отам уста деҳқон, мўл-кўл сабзавотлар етиштирар, ердан уч маҳал ҳосил олар, ҳандалаклар экиб, сотиб келамиз, аммо эшигимиз атрофигача пахтазор эди.

Ҳамманинг отаси ҳам тадбир билан деҳқончилик қилиб, тунда пахта суғориб, кундуз қовун-тарвуз, ҳандалак, карам экиб, оиласини боқмасди, билмасди. Аммо ҳозирги ҳаётда негадир деҳқончилик илмини севмай қўйишди. Текинга ер бериб, оилангни боқ, десалар “Сув йўқ, ёмон ердан берган”, деб турли баҳоналарни келтиради. Ҳатто болалар пулини тўхтатиб қўйишар экан дебқайғуриб, туман ҳокимлигига ерни қайтариб олишларини сўраб мурожаат қилишади. Нега ахир?

Баъзида ичимдаги қизғин фикрларимни ошкор қилиб, танбеҳ бериб юборган онларим бўлди. Ер сизни тўйинтиради. Бугунги кунда ўттиз йилга ижарага бермоқда. Бола пули эса ошиб борса уч йилга берилади. Энг беминнат тўкинлик манбаи, фақатгина меҳр ва фикрчанлик бўлгандеҳқончиликка нисбат айтилади. Уруғни сепиш олдидан ерни созлаб оласан. Уруғ сепасан ва ҳатто баъзида бирон қўшимча менирал озуқа бермаса ҳам етарли ҳосил олиш мумкин. Ҳовлимиздаги ўн икки сотих ердан ўн жонни боқишга арзирли даромад олардик.

Битта ёки иккита боласини боқолмай эр-хотин нафақа чиқаришга вақтини сарфлаб кўча кезадилар, турли идораларга бориб юрадилар. Оддий маккажўхори экиб қўймайдиган, бўшдан бўш майдонларни, ўт босиб ётган томорқаларни кўриб, отамдек зийрак фикрли инсонлар нега бунчалар камайиб кетаётганидан афсусланаман...

Турли илм даргоҳлари юртимизда ниҳоятда кўпайиб кетди, аммо нега ўқимаган отам уддалаган рўзғорни тебратиш “санъати” ўзлаштирилмай қолмоқда...

Отамни яна бошқа қишлоғимиз ҳақидаги хотираларини тез-тез эслайман. Сабабиқишлоғимизнинг номи ҳам ноёб - Шайхлар қишлоғи. Шу номга алоқадор ва айни пайтда алоқаси бўлмаган шайх ҳам илк таълимини шу ерда олган.

Отам айтади: Шу пахтахона эски масжид бўлган, бу ерда одамлар намоз ўқиган, бир авлиё шу ерда илк сабоғини чиқарган. Отам авлиёни отини айтмаган ёки эсимда қолмади.

Аммо йиллар тез ўзгарди, намоз ўқиладиган айвонига эшак боғланган, деворида ярим-яланғоч, “тирсиллаб" кийиниб олган ҳинд актрисаларининг катта саҳна чиқишларини оммавий бориб кўришга бўлган кўринишлари гўё барҳам топди.

"Советлар маданият олиб келди, қолоқ халқ бўлганмиз", деб қолади айрим кимсалар ҳалиям ижтимойи тармоқларда. Минг йиллик эътиқодингни йўқотиб, миянгни чайиб, юзта худоча, худоларини ҳайкалчалари бор қавмнинг, румкаларда маст қилувчи ичимликларини кўз-кўзловчи, қизларнинг сонини катта экранларда ёшу-қарига кўрсатилиши шуми маданият?

Ҳинд кинолари ва ўрис кўринишлари халқимизнинг минг йиллик қадриятларига мутлақо терс шаклда тарғибот қилинган. Романтика деса, ҳиндларни тушунадиган, ичкилик мерос қолган, ҳатто тасаввуф атамасини билмайдиган, айтолмайдиган билағон, билгичларимиз ҳозир ҳам борлиги ҳаммаси: шиорлари катта ёзилувчи ўша даврдан, ҳар куни "Ура" деб юрган замонлардан қолган...

Мустақиллик бўлгач, отам ҳам намозни ўрганиб, у ерда жамоат билан намоз ўқиб, қайтадиган бўлди. Бу пайтга келиб, намоз ўргатиш китоблари чоп этилди, аслида авлиёлар ким эканлигини айтадиган китоблар пайдо бўлди. Аммо китоб ўқимайдиган миллатмиз-да, ҳалиям кимнинг авлоди ким бўлган, деган мавзуда сўз кетса, «Сталин отам», деб ёқангни йиртувчилар топилади. Қойилй! Бу советнинг идеологияси канадек ёпишқоқ эканми, минг йиллик қадриятларимизни тўкиб-тўкиб, ҳамма жойни бўшлиққа тўлдириб, ўзи ҳам йўқ бўлди. Йўқ бўлган хас-хашакни соғиниш нима экан-а?

Шайх ҳазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг саккизта китобини ўқиб чиқдим. Тасаввуф алломаси Сўфи Оллоҳёрни излаб топдим, отам айтолмаган авлиё бобомизни негадир “Каттақўрғонлик” деб чалкаштирар эканлар. Қадимда Бухора хонлиги, Каттақўрғон беклигига қарашли бўлган Иштихон жойлари ҳам. Минглар қишлоғи ҳозирги Иштихон туманига қарашли.

Аммо шунча қадриятлар тикланганига қувонаман, шунчалар баланд қадри бор китобларнинг ҳамма нусхаси кутубхоналарда, савдо расталарида бемалол турибди.

Авлиёлар авлиёси бўлган, халқаро мусулмон оламида танилган бобомиз Сўфи Оллоҳёрнинг номини тиклаб, унинг ҳамма жойдаги масканлари обод қилинди. Шайхлар қишлоғидаги масжид ҳам айни пайтда иккинчи бор ҳашар йўли билан қайта қурилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Минглар қишлоғида яшаган, музейда ҳам фаолият олиб борган тарихчи Қудрат Ҳасанов, Шайхлар қишлоғида яшаган аввал адабиёт ўқитувчиси, кейин масжид имоми бўлиб ишлаган Олим Маннонов каби фидойилар Сўфи Оллоҳёрни ўзи туғилиб ўсган Минглар қишлоғини, илк ўқиган мактаби - «Сўфи Оллоҳёр» номидаги ҳозирги Шайхлар маҳалласидаги масжид эканлигини далилларини топиб, ўрганишди. Ёдгорлик (Минглар қишлоғи) ва масжидга у кишининг номини беришга ҳаракат қилишди.

Ўшанда ўзимнинг ютуб тармоғимга қишлоқдошимиз Олим мулланинг Сўфи Оллоҳёр ҳақидаги гапларини жойлаштириб улгурмасимдан Олим мулла вафот этиб қолди. Мен олган ведио-суҳбат эсдаликка қолди.

У ерда Олим мулла Сўфи Оллоҳёр ҳазратларини ёд этиб, жамоа бўлиб, Сурхондарёнинг Вахшивор масканига борганликлари, Иштихон халқи Сўфи Оллоҳёр бобомизни дину-дуёнатдаги ишларини, панд-насиҳат йўналишидаги диний-маърифий асарларни уйларида асраб-авайлаб, қадрлаши тўғрисида ҳам, меҳр билан гапириб берганлари ёзилган ведиолавҳа интернет тармоқларида қолди.

Замонлар айланиб, замонлар чекилиб, мустақил ва ҳурлигимиз қайтганини Олим муаллимимиз қайтмайдиган бўлиб қайтганини севиниб гапириб берганди. Аммо барибир негадир, мустақилликдан сўнг ҳам турғунлик йилларни ҳам жафосини, диққатли йилларни кўпчилик бошидан кечирди...

Аммо хайрлиси...

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни бошқара бошлагандан сўнг, менга энг маъқул келгани, Ўзбекистон дунё мамлакатларига ўзини тақдим қилди. Қайсики маънода халқпарварлик, изчиллик, ривожланиш энг олий мақсад қилиб олинди. Ўзим ҳаттоки, бундай сиёсатдан руҳланиб кетганимни яширолмай қолдим.

Бир яхши ҳаволар кириб келди юртимга. Адолатни тараннум қилган борки, элда азиз бўлди. Мен ҳам Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг ҳаёти, бизга қолдирган ноёб меросини яхшироқ ўрганиш учун интернетдан фойдалана–фойдалана, ҳазил қилиб айтганда кўп тармоқли инсонга айланиб кетдим. Зерикишга фурсат йўқ...

Жамият уйғонди, сўзнинг қадри ошди.

Ҳатто ҳокимларнинг дунёқараши илгарилаб кетди.

Уларнинг Янги Ўзбекистон сиёсати учун иқтидорларини танлаб олиниши, билим ва тушунчаларида дунёқарашининг профессоналлашиши, халққа очиқ бўлиши каби сифатлар билан “тўйиниб” келиши, нур устига нур бўла бошланаётганини “Иштихон тажрибаси”да англадик.  

Бундан бир неча йил аввал Иштихонга янги раҳбар тайинланди. Президент ташаббуси билан ҳокимлар кабинетида ўтирмай, хонадонларга бориб, уйма-уй юрди, муаммоларни, одамларнинг яшаш тарзини ўрганди.

Совет замонида етиштирган ҳосилингни чигит-толасигача йиғиштириб, супуриб олиб кетган бўлса, эндиги замоннинг ҳолатини қаранг: элни олдига ҳукуматдан келиб эшигингда Ниманг кам?”, деб турсая.Бундай гўзал оқибатни қайси давр ёки давру даврон кўрган экан?!

Иштихондаги Чағатой, Қиёт, Миришкор маҳаллалари ободдан обод масканларга айланиб кетди. Ўша қишлоқларни раҳбарлар эшикма–эшик кириб ўрганишди. Ичидаги муаммоларини кўпчилиги айтишга уялиб ўтирса, айримлари ёлғонҳукумат, алдаб кетади, обод қилиш осонми, деб пичинг отиб юрди.

Аммо эзгу ишни бошлаган фидойилар тинмагандан-тинмади. Элни ўқитишди, чиройли турмуш тарзи билан яшашга ўргатишди. Чиройли биноларни мақтанчоқлик билан эмас, ҳақиқий ободлик билан қургин, деди, ошхонанг ораста, ҳожатхонанг ҳам покиза бўлсин, молхонангни йилда бир дезинфекциялагин, томорқангга уч марта экин эккин, деди. Ҳовлингдаги боғингни парваришла, болаларга қадриятларни ўргатгин, деди.

Гуллар олиб келиб, хонадонларга экилди. Ҳатто пиёзлар тарқатган замонни кўрганмисиз? Эксин, уруғ қилсин, деди.

Каналлар атрофи обод бўлгандан-бўлди. Соғломлаштириш йўлаклари қилинди. Мактабларга, мактабгача таълим муассасаларига, қабристонларга эътибор қаратилди.

Мен ҳам бу эзгу ишларга шерик бўлишни истайман: ҳар бир ишчи-ходим билан бирга юраман, ҳали шағал тўкадиган, асфальт қилган тракторларни суратга оламан, чанг-тўзон ичида уларга “Ҳорманг” дейман, ҳали сув бўйидаги техникалар ёнида, ҳали хотин-қизларнинг тадбирида қатнашаман. Аёллар, биласиз, турлича суратга тушишни ёқтиради, инжиқланади, минг хил суратга олишимни сўрайди, суратга олавераманва ижтимоий тармоқларга жойлайман.

Гўзал юртимизнинг кўкрагига шамол теккан кунга ўттиз уч йил тўлаётган бугунги фарахли кунларда мамлакатимизнинг бир бўлаги бўлган Иштихон туманида янаям кўп ва хўп эзгу ишлар қилиняпти. Бундай бунёдкорлик, одамлардаги шижоат ҳар бир қишлоқ, овулга ёйилган. Буларни алқаб ёзиш учун биз, журналист-ижодкорларга ҳам керакли имкониятлар яратилганки, қалам тебратмасак касбимизни увол қилган бўламиз...

Гулзамон АКБАР,

журналист.