Кечинма: Бир замон бу...

Демократикми ёки аксинча, нодемократикми, билмадим, чунки буни вақт кўрсатади, аммо назаримда, инсон маънавияти ва онгини оила тарбияси ёки оқсоқоллар, ҳатто ўзи ҳам эмас, ижтимоий тармоқлар бошқаряпти.

Бу тармоқ ахборот тарқатиш воситаси мақомидан чиқиб бўлди. Инсоният шуури, фаросати ўзи яратган мўъжиза салтанати олдида ожиз қолаётганга ўхшайди.

Телефондаги дийдорлашувдан таскин топяпмиз. Сабоқни китобу дафтардан, муаллим самимиятидан эмас, турли каналлару сайтлардан оляпмиз. Шаън ва орият билан боғлик, бир пайтлар нозик ҳисобланган туйғу ва хислатларимиз эндиликда ижтимоий тармоқларда ҳаммага дастурхон қилиняпти.
Фақат кўзлардагина, диллардагина иқрорини топиши мумкин бўлган дўстона ва ошиқона туйғулар ҳам телефонда изҳорини топяпти. Меҳр юракдан телефон тасвирига кўчиб улгурди. Ишқилиб, бу илғор технология дегани инсонни бир-биридан узоқлаштирмаса эди.

Айримлар бу матоҳга бутунлай боғланиб қолишди. Китоб ўқиганни, қаламда ёзганни, суратга тушмасдан оддий, самимий суҳбат қурганларни масхара қила бошладик. Уйимиздаги, оиламиздаги ҳолатни кўпчиликка кўрсатишни одат қилдик. "Лайк"ни аввалига, олқиш, маъқуллаш, эндиликда эса тарафкашлик белгиси ҳам деб қабул қиляпмиз.

Биламан, энди орқага мутлақо йўл йўқ... Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи хато.
Мана, ўзим ҳам юрагимни қийнаган ҳолатни Сизга даврада кўнглимни тилимга чиқариб эмас, сиртдан,  ғойибона, шу тармоқ орқали айтиб турибман.
Яхшиликка буюрсин...

Фармон Тошев.