Кекса қоровулни дўппослаган фуқарога озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди
Судланувчи Т.А. 2020 йил 29 март куни соат 02:30 ларда Самарқанд шаҳар Сартепа масканида жойлашган “Табиат - саховат” МЧЖ деҳқон бозори олдида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, сабабсиз кекса ёшли, жабрланувчи М.Х. билан жанжаллашиб, жанжал вақтида қоровулнинг турли соҳаларига қўл ва оёқлари билан уриб, ўта шавқатсизлик билан оғир тан жароҳати етказган.
Судланувчи Т.А. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймон эканлигини, бу ишни бошқа такрорланмаслигини, уни кечиришни, шу сабабли унга қонуний енгиллик беришни сўради.
Жабрланувчи М.Х. ҳам судланувчига ҳеч қандай моддий ва маънавий даъвоси йўқлигини билдирди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Зарифа Аҳмедованинг маълумот беришича, суднинг ҳукми билан судланувчи Т.А. қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигини ҳамда жабрланувчининг унга даъвоси йўқлигини инобатга олган. Аммо судланувчининг содир этган жинояти оғир жиноятлар туркумига кириши сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “в,е” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, Т.А.га ЖКнинг 57-моддаси билан 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.