“Кексалар ҳафталиги”: 78 минг нафардан зиёд нуроний чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди

Шу йилнинг 2-8 октябрь кунлари юртимиз бўйлаб “Кексаларга ҳурмат - ёшларга ибрат” шиори остида “Кексалар ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Вилоятимизда ҳам ҳафталик доирасида маҳаллаларда нуронийлар, жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида истиқомат қилаётган кексалар ҳолидан хабар олиниб, хайрия тадбирлари, спорт мусобақалари, нуронийлар ва ёшлар учрашувлари ўтказилмоқда.
- Ҳафталик доирасида юртимиздаги музейлар, театрлар ва зиёратгоҳларга 90 минг нафарга яқин нуронийларнинг саёҳатлари уюштирилди, - дейди Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Донақул Тошбоев. - Хусусан, Ургут туманидан бир гуруҳ нуронийлар қадимий Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларига, оқдарёлик кексалар Жиззахдаги Зомин дам олиш масканига сайёҳат қилди.
Шунингдек, кексаларнинг соғлигини тиклаш мақсадида маҳаллаларда 78 минг нафардан зиёд кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ногиронлиги бўлган 497 нафар кексаларга реабилитация воситалари - ногиронлик аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламаси, 7894 нафар якка-ёлғиз кексалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди, 4437 минг нафар кексалар зарур дори-дармонлар билан таъминланди.
“Инсон тафтини инсон олади” шиори остида уйида ётиб қолган 29631 нафар, шифохоналарда даволанаётган 2869 нафар нуронийнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди, 384 нафар кексаларнинг юбилей кечалари ўтказилди, уларга “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг табриклари, ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
“Нуронийлар ёшлар нигоҳида” мавзусида қатор маданий тадбирлар, учрашувлар ташкил этилди. Таълим муассасаларида уюштирилган “Аср билан юзма-юз” тадбирлари доирасида 100 ёш ва ундан катта 32 нафар нуронийлар ҳолидан хабар олинди. “Кексаларнинг ҳаёти биз учун ибрат” мавзусида маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва ташкилотларда давра суҳбатлари ўтказилди.
Жойларда “Қўша қариш саодати” мавзусида 50, 60 ва унда кўп йил биргаликда умр кечириб, ҳаёт гаштини сураётган нуронийларнинг ибратли ҳаётини ёш авлодга тарғиб этиш мақсадида маънавий-маданий тадбирларни ташкил этилди.
Мазкур тадбирларга маҳаллалардаги ажрим ёқасига келиб қолган ёш оилаларнинг иштироки ҳам таъминланиб, уларга кексаларнинг ҳаёт йўли намуна қилиб кўрсатилди.
Маҳаллаларда маданий кўнгилочар тадбирлар, шахмат-шашка, волейбол, мини-футбол, стол тенниси каби спорт мусобақалари ўтказилди. Уларда 56 минг нафардан зиёд нуроний жалб қилинди.