Кексалар ва меҳнат фахрийларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ҳамкорлик
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ўртасида 2026 йилга мўлжалланган ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг жамият ва давлат ҳаётида тутган ўрни, шунингдек ундан келиб чиқадиган устувор вазифалар ҳақида фикр юритилди, унда 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган 6 та муҳим устувор йўналиш белгилаб берилгани таъкидланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов “Нуроний” жамғармаси билан имзоланган ҳамкорлик меморандумининг мақсад ва вазифалари ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мазкур меморандум кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларини маънавий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, шунингдек ёшларни ватанпарварлик ва миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Шу билан бирга, касаба уюшмалари тизимида фаолият олиб бораётган пенсия ёшидаги ходимларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими кенгаши раиси Шуҳрат Негматов ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши вилоятимиздаги кексалар ва меҳнат фахрийларини қўллаб-қувватлаш ишларини янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади. Унинг айтишича, мазкур ҳамкорлик доирасида меҳнат фахрийлари ва нуронийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви”, давра суҳбатлари, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини юқори савияда ташкил этиш имконияти яратилади.
Тадбир якунида ушбу меморандум имзоланди. Сўнгра иштирокчиларга “Ўзбекистон касаба уюшмалари — кеча, бугун, эртага” номли тарихий-ҳужжатли фильм намойиш этилди.