Киров вилояти билан ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари муҳокама этилди (видео)

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консули Фариддин Насриев 28 октябрь куни ишчи ташриф билан Киров вилоятида бўлди.

Россия оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Киров вилояти ҳукумати раиси Александр Чурин билан учрашув чоғида Ўзбекистон ва Киров вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларнинг бугунги ҳолати ва келгуси истиқболлари муҳокама этилди.

Жумладан, икки томон савдо айланмасини кенгайтириш, тадбиркорларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.

– Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва бошқа товарлар олиб келмоқчи бўлсангиз ёки Ўзбекистонга ўзингиз ишлаб чиқараётган товарларни сотмоқчи бўлсангиз, марҳамат, консуллигимиз бу борада сизни қўллаб-қувватлашга ва амалий ёрдам беришга тайёр, – деди Ф.Насриев Киров вилояти ҳукумати аъзолари ва тадбиркорлар билан учрашув чоғида. – Шунингдек, инвестициявий ҳамкорлик бўйича ҳам давлатимиз сизга зарур шарт-шароит ва имконият яратиб беради.

Ф.Насриев Ўзбекистон ва Киров вилояти ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни ташкил этиш, автобус қатновларини йўлга қўйиш мумкинлиги ҳақида ҳам ўз фикрларини баён этди.

Ўз навбатида, Александр Чурин Ўзбекистон минтақалари ва Киров вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва янада ривожлантириш мумкинлигини таъкидлаб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.

Бош консул Киров вилоятидаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашди.