Китоб — маънавий хазина

Каттақўрғон туманидаги 5-умумтаълим мактабида “жаҳолатга қарши — маърифат” ғояси асосида китобхонлик маданиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни, ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.

– Китоб шундай бир хазинаки, уни қанча кўп сарфласанг, шунча кўп бойиб борасан. У инсон қалбининг чироғи, ақлнинг озуқаси, руҳнинг тарбиячисидир, – деди мактаб директори Нилуфар Исломова. – Китоб ўқиган инсон ҳаёт синовларида адашмайди, тўғри йўлни топа олади. Асар қаҳрамонларининг қисмати орқали сабр, матонат, жасорат каби фазилатларни англайди.

Яхши китоблар инсонни нафақат билимли, балки меҳр-оқибатли ҳам қилади. Бошқаларнинг дардини ҳис этиш, инсонийликни қадрлаш каби туйғулар айнан мутолаа орқали шаклланади. Шу боис китобхонлик маданияти юксак бўлган жамиятда маънавият ҳам юксак, келажак эса албатта порлоқ бўлади.
Мулоқотда мактаб жамоасининг “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида биринчи ўринни эгаллашида китобсевар ўқувчиларнинг интилиши ва билимдонлиги муҳим омил бўлгани таъкидланди. Бунинг учун ўқитувчилар ва ўқувчиларга миннатдорлик билдирилди.

Азиза Боймурадова,
халқ таълими аълочиси.