Китобга, шеъриятга ошно бўлган юракка ёвузлик, жаҳолат, бахиллик ин қура олмайди

Жомбой тумани Қангли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Маданият саройида “Китоб – халқнинг юраги” мавзусида тадбир ўтказилди.

Учрашувда таниқли шоир Бобур Бобомурод, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театри актёри Умид Шодмонов, “Ўзбекистон” нашриёти директори Умиджон Ҳайитов ҳамда шоир Шавкат Одилжон ҳамда маҳаллий ижодкорлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Қаюм Собиров кейинги йилларда Жомбойда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар натижаси, одамларнинг турмуш тарзини янада яхшилаш юзасидан олиб борилаётган ишлар, ёш ижодкорларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида тўхталди.

– Шиддат билан ўзгараётган шу даврда ёшларда янгича тафаккур, дунёқарашни шакллантириш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш катта аҳамият касб этади, - деди шоир Бобур Бобомурод. – Бу жараёнда эса китобнинг, хусусан, бадиий адабиётнинг ўрни беқиёс. Зеро, китобга, шеърияттга ошно бўлган юракка ёвузлик, жаҳолат, бахиллик ин қура олмайди. Унда фақат яхшилик ва эзгулик куртак отади.

Учрашувда шоирлар Ватан, Она, Наврўз, Истиқлол, муҳаббатни мадҳ этувчи шеърларидан намуналар ўқидилар.  Актёр Умид Шодмоновнинг чиқиши тадбирга байрамона руҳ бағишлади.

Ёрмамат Рустамов.