Китобни танлаб, саралаб ўқиш керак

Самарқанд давлат университети қошидаги Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида талаба-ёшлар ва олийгоҳ ўқитувчиларининг шоир Ёр Муҳаммад ва ёзувчи Абдуалим Сулаймонов билан ижодий учрашуви бўлиб ўтди.

Унда кейинги йилларда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, маънавият тараққиётига берилаётган эътибор, шоир ва ёзувчи ижодининг ўзига хос жиҳатлари, Мустақиллик йўлида жон фидо қилган қатағон қурбонлари, жадидлар, мумтоз адабиётимиз намояндаларининг асарларини ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар, ижод қилиш машаққатлари хусусида сўз борди.
– Назаримда ҳозир шеър кўп, аммо шоир кам, чунки матбуотга чиқаётган асарларни таҳлил қиладиган бадиий кенгашлар деярли йўқ, - деди Ёр Муҳаммад. – Шунинг учун дуч келган китобни “китоб экан” деб ўқиб кетавериш савиясизликдан бошқа нарса эмас. Китобни топиб, танлаб, саралаб ўқиш керак. Ана шунда у дунёқарашни кенгайтириш, бадиий қобилиятни оширишга хизмат қилади.
Тадбирда Ёр Муҳаммад қатағон қурбонларидан бири шоир Усмон Носир ҳақида тўхталиб, ўзининг “Холамбибининг йўқлови” номли шеърини ўқиб берди.
Ёзувчи Абдуалим Сулаймонов эса йиғилганлар эътиборини тарихни ўрганишга қаратди.
Ижодий учрашувда институтнинг 4–курс талабаси Нурхон Холдорова томонидан Ватан, она, муҳаббат мавзуида ўқилган шеърлар барчанинг олқишига сазовор бўлди. Ёш шоирага Ёр Муҳаммад ўзининг китобларидан совға қилди.

Инобат БУТУНОВА.