Китобхонлик ҳафталиги китоб совға қилиш билан бошланди

21-25 апрель кунлари ўтказилаётган “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остидаги V республика китобхонлик ҳафталиги Самарқандда ҳам тантанали бошланди.
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ҳафталик очилиши маросимида вилоят ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир ва ёзувчилар, ўқувчи ва талаба ёшлар иштирок этди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилояти бўлими раиси Тошпўлат Тугалов юртимизда аҳолининг китобхонлик маданияти ва ёшларнинг китобга меҳрини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, хайрли ташаббуслар ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, “Севимли кутубхонамга китоб совға қиламан” акцияси доирасида вилоят ахборот-кутубхона марказига китоблар туҳфа қилдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли публицист, адиб Нусрат Раҳматнинг буюк жадид, маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишланган “Жадид” китоби тақдимоти ўтказилди.
– Ҳафталик доирасида марказимизда кўплаб тадбирлар режалаштирилган, – дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Зебинисо Шодиева. – Жумладан, бир қатор янги асарлар тадқимотлари, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, “Китоб ва кино” ҳамда “Китобхонлик оиладан бошланади” кўрик-танловлари, “Заковат” интеллектуал ўйини, халқимизнинг китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган давра суҳбатлари ўтказилади. Шундай тадбирлар туман ва шаҳарлар, таълим муассасаларидаги кутубхоналарда ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Беш кун давомида барча кутубхоналарда “Севимли кутубхонамга китоб совға қиламан” акцияси ўтказилади.