Коллеж битирувчиларига давлат намунасидаги ҳужжатлар қандай тартибда берилади?
2019-2020 ўқув йили касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси масофавий тарзда амалга оширилмоқда.
Жорий ўқув йилида касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига давлат намунасидаги ҳужжат (диплом) нусхаси электрон шаклда етказилади.
Ҳужжатларнинг асл нусхалари карантин муддати тугагандан сўнг, талаб қилиб олингунга қадар таълим муассасаларида сақланади.
- Вилоятимиз касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган ўқувчиларнинг ҳаммаси битирувчилар, - дейди вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Р.Файзиев. - 2019-2020 ўқув йилида жами 26314 нафар битирувчи, шулардан 9-синф базасида 23580 нафар, 11 йиллик базасида 2734 нафар ўқувчи касбга йўналтирилган. Битирувчилар ҳозирда уй вазифаларини ва дипломолди амалиётини масофавий тарзда, телеграм мессенжери орқали уйда бажариб, кунлик ёзилган амалиёт кундалиги ҳамда ҳисоботларни ўқитувчиларга топширяпти.
Дипломолди амалиёти тугагандан кейин учта фандан якуний давлат аттестацияси бошланади. Булар - касбий-амалий, Ўзбекистон тарихи ва мутахассислик фанлари. Бунда ҳар бир фан юзасидан 20 талик тест саволларидан иборат вариантлар ўқувчиларга юборилади. Улар белгиланган вақт мобайнида саволларга жавоб топиб, жавоблар варақасига белгилаб юборишади. Битирувчилар якуний давлат аттестацияси комиссияси томонидан тест саволларига берган жавоблари бўйича баҳоланади.
Тестлар сони жами 60 та бўлиб, шундан Ўзбекистон тарихи фанидан 20 та, касбий амалий имтиҳон учун 20 та (бу ерда, амалий топшириқларнинг технологик кетма-кетлиги бўйича амалий кўникмаларнинг шаклланганлигини баҳолашга қаратилган бўлади), касбий фанлар мажмуасидан 20 та тест саволларидан иборат бўлади.
Малакавий ишни бажарган битирувчилар тақдимотлари масофавий тарзда касб-ҳунар коллежларига тақдим этилиши ва баҳоланиши йўлга қўйилиб, касбий фанлар мажмуалари тест саволларидан озод этилади.
Тест вариантлари гуруҳдаги ҳар бир ўқувчи учун алоҳида ишлаб чиқилади ҳамда тест куни ҳар бир ўқувчига белгиланган вақтда етказилади.
Масофавий тарзда алоқа мавжуд бўлмаган битирувчилар коллежга якка тартибда ёки алоқа мавжуд бўлган марказий ҳудудларга келган ҳолда тест синовларини топшириши мумкин.
Жорий йилда вилоятимизда 35 та касб-ҳунар коллежи ёпилади ва 2020-2021 ўқув йилида 64 та янги профессионал касб-ҳунар коллежи очилиб, 162 касб бўйича 18325 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган.
Улуғбек ЭШБУТАЕВ,
вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати ходими.