Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчилик асосларини яратиш ва такомиллаштиришнинг бошланғич нуқтаси
Ўзбекистон Республикаси Конституциясини энг инсонпарвар ҳужжат, десак муболаға бўлмайди. Чунки, унда инсон қадри асосий мезон қилиб олинган. Яъни, Конституциямизнинг асосий моҳияти инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилишдан иборат.
Унда “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”, деб ёзиб қўйилган.
Ўтган давр мобайнида Конституцияга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлса-да, унинг асосий принциплари, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс муносабатлари, маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилишига оид нормалари ўзгармади. Киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, давлат ҳокимиятини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишида фуқароларнинг бевосита ва билвосита таъсирини ошириш, парламентнинг давлат ички ва ташқи сиёсатидаги ролини кенгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий ва одил судловнинг ўрнини янада мустаҳкамлашга оид тузатишлардир.
Асосий қомусимизнинг 30 дан ортиқ моддаси бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган бўлиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидаларини ўзида мужассамлантирган.
Давлат ўзининг асосий ҳужжатида инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор мажбуриятлар олган. Хусусан, ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши, халқ манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги, давлат ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, фуқароларини ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши қатъий белгиланган. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият, деб мустаҳкамланган.
Ўтган йиллар мобайнида инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, шахсий ҳуқуқларни таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.
Фуқароларнинг касаба уюшмалари, сиёсий партия ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган қонунлар мажмуаси ҳам амалда.
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун эса ҳар бир шахснинг бевосита ўзи ва бошқалар билан бирга ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилишдек конституциявий ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилиб, айниқса, мурожаатни бериш шакли сифатида электрон мурожаатни назарда тутганлиги фуқаролар оғирини енгил қилишга жиддий ҳисса қўшди.
Тараққиётимиз йўлида мустаҳкам пойдевор бўлган, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг салмоқли фоизини ишлаб чиқараётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳозирги вақтда иш билан банд аҳолининг аксарияти меҳнат қилмоқда. Айниқса, ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга оид ҳуқуқи қонунларда батафсил тартибга солинган ва ҳимояланган.
Конституция нафақат ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлади, балки уларни амалга оширишнинг реал имкониятларини таъминлаш чора-тадбирларини, кафолатларини яратди. Хусусан, ҳокимиятлар бўлиниши, Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кабилар кафолатланди. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз деб эълон қилиниб, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, деб белгилаб қўйилди.
Қонунчилик инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиши лозим. Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини эса одил судловсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш судлар зиммасига юклатилган. Шунинг учун ҳам судларнинг мустақил, холис ва адолатли фаолият юритишига алоҳида эътибор қаратилади.
Конституциямизда алоҳида XXII боб ажратилган бўлиб, бу боб “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти” номланади ва суд ҳокимиятига тааллуқли энг муҳим жиҳатларни қамраб олган.
Конституциямизда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади, деб қатъий белгилаб қўйилган.
Суд мустақиллиги одил судловни амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Айнан суд ишдаги ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганиши ҳамда адолатли қарор чиқариши орқали шахснинг бузилган ҳуқуқларини қонун йўли билан тиклайди. Судьялар чинакам эркин ва аралашувлардан холи бўлсагина, суднинг қонуний ҳимояси тўлиқ ва самарали тарзда амалга ошиши мумкин.
Ўтган давр мобайнида Конституциямиз нормалари мазмунига кўра, суднинг мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя этишга хизмат қиладиган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Яъни, суд тизими бутунлай ижро этувчи ҳокимият органларининг назорати ва таъсири остидан чиқарилди.
2021 йил 28 июлда янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, кўплаб янгиликлар жорий этилди. Қонунга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.
Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.
Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас.
Судьяларимиз ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини англаган ҳолда адолатли иш олиб боришлари, қарор чиқаришда аввало, халқни, унинг ҳаёти ва дарду ташвишларини яхши англаб, уни қалбан ҳис қилмоқдалар.
Судлов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этила бошлангани фуқароларнинг суд билан боғлиқ ишларини тез ва қулай, ортиқча сарсонгарчиликсиз амалга ошириш имконини бермоқда.
Бугун жамиятимизда қандай ютуқ ва марраларга эришаётган бўлсак, буларнинг пойдеворида Конституциямиз турибди. Биз жамиятимизда чиндан ҳам адолат ва ҳақиқат ҳукмронлигини ўрнатмоқчи эканмиз, коррупция, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик каби иллатлардан халос бўлишимиз шарт. Конституция ва қонунларимизга итоат этиш, қонун устуворлигини таъминлашимиз зарур.
Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ислоҳотлар, уларнинг қонунчилик асосларини яратиш ва такомиллаштиришнинг бошланғич нуқтаси ва асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Олим ҲАЙИТОВ,
Самарқанд вилояти суди раиси.