Контрактни 4 га бўлиб тўлаш имкони ҳозир ҳам борми?
- Институтимизда контракт тўламаган талабаларни дарсга киритмаяпти. Талабалар дарсга келса "НБ" қўйишяпти. Оралиқ назоратларга ҳам қўйишмаяпти. "Контрактни 4 га бўлиб тўлаш имкони бор-ку", десак "Шартномада ундай гап йўқ", дейишяпти.
Илтимос, шунга аниқлик киритиб берсангиз.
Ушбу саволга Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов жавоб берди:
- Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармонига мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ОТМ талабаларига ўқув йили давомида тенг улушларда камида тўрт маротаба ўқиш учун тўловларни амалга ошириш имконияти тақдим этилган.
Давлат қабул комиссияси билан келишилган ҳолда тўловларни амалга ошириш муддати қуйидагича белгиланган:
— белгиланган тўлов миқдорининг камида 25 фоизини талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун 15 сентябргача ёки Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатгача ҳамда иккинчи ва ундан кейинги босқич талабалар учун 1 октябргача ёки ОТМ ректори (филиал директори) томонидан узайтирилган муддатгача;
— белгиланган тўлов миқдорининг камида 50 фоизи 1 январгача, 75 фоизи 1 апрелгача ва 100 фоизи 1 июлгача ёки ОТМ ректори (филиал директори) томонидан узайтирилган муддатларгача.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сон қарори иловаси билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини белгиланган тартибда, тенг улушларда тўрт қисмга бўлиш йўли билан ўтказишга рухсат берилган.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, бугунги кун ҳолатига 50 фоиз тўлов талаб қилишаётгани амалдаги тартибга зид. Аммо талабалар бугунги кунгача камида 25 фоиз тўловни амалга оширган бўлишлари керак.