Кўп қаватли уйлар таъмирланяпти: Илгари 3-4 та хонадонда чакка ўтган бўлса, таъмирдан кейин бошқа хонадонлардан ҳам ўтяпти

Президентимизнинг 2017 йилдаги қарори билан Республикада 2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация, 2018-2022 йилларда эса иссиқлик таъминоти тизимини яхшилаш ҳамда 2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш бўйича манзилли дастурлар тасдиқланди.

Дастур асосида Самарқанд шаҳрида қурилганига 20 йилдан ошган кўп қаватли уйларни, хусусан, том қисмини мукаммал ва жорий таъмирлаш, ертўлаларни тартибга келтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бироқ Суғдиёна ва Сартепа массивларида, шунингдек, Буюк Ипак йўли, Беруний, Рудакий кўчаларида жойлашган кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг бу ишлардан кўнгли тўлмаяпти. 2018-2019 йилларда том қисми янгиланган уйлардан яна чакка ўтишни бошлади. Ёғингарчилик пайтлари янгидан қилинган бетон ариқларга ёмғир сувлари сиғмай қоляпти.

Маблағ-ку бор. Аммо…

- Шаҳар ва туманлардаги 1789 та кўп қаватли уй-жойга 162 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатиб келмоқда, - дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Негматов. - Уйларнинг 1535 таси 1991 йилгача ва 254 таси эса ундан кейин қурилган. Ўтган икки йил давомида 183,24 миллиард сўм маблағ эвазига 946 та кўп қаватли уй мукаммал ва жорий таъмирланди. Жумладан, тижорат банкларининг 48,1 миллиард сўмлик кредитлари ҳисобидан 355 та, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 135,14 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан 591 та уй-жойда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлардаги 227 та лифтдан 153 таси таъмирланиб, 74 та янги лифт ўрнатилди. 404 та янги болалар ва спорт майдончалари қурилди.

- Ўтган йили қишда кўп қаватли уйлардаги хонадонларда юзага келган муаммолардан келиб чиқиб, вилоят бўйича яна 266 та кўп қаватли уйни мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган, - дейди Б.Негматов. - Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда жойлашган 26 та кўп қаватли уй-жой «Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси»нинг 7,9 миллиард сўм маблағи ҳисобидан таъмирланмоқда.

Жумладан, шаҳардаги 12 та уйнинг том қисми мукаммал таъмирланиб, 12 та ертўла тартибга келтирилди, 13 та уйнинг иситиш тизими ҳамда фасад қисми таъмирланди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ҳомийлар маблағлари жалб қилиниб, Самарқанд шаҳридаги 50 та кўп қаватли уй-жойларда зарур таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Жорий йилги манзилли дастурга асосан вилоятдаги 127 та кўп қаватли уйни таъмирлашга тижорат банклари томонидан молиявий барқарор бўлган 24 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига 4,4 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.

Ишлар ҳамон якунланмаган

Биз Самарқанд шаҳридаги айрим кўп қаватли уйларда қурувчилар томонидан амалга оширилган ишларни кўздан кечириб, Суғдиёна массиви Тараққиёт кўчасидаги 43-кўп қаватли уй тўлиқ таъмирдан чиқарилганлигига гувоҳ бўлдик.

- Биринчи қаватда яшайман, ўтган йили уйимизда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди, - дейди Зарина Жўраева. – Ҳовлидаги ўриндиқлар янгиланди, янги эшик ўрнатишди. Бироқ уйнинг орқа томонида ободончилик ишлари чала қолди. Ертўлани тозалаганига қарамасдан, зах ҳиди келиб туради.

«Истиқлол обод сервис» уй-жой ширкати хизмат қилувчи мазкур уйда яшовчилар ширкат хизматидан ҳам норози эканлигини билдирди. Негаки, уй таъмирланмаган бўлса-да, атрофи ободонлаштирилмаган, сув йўли ёпилиб кетган, тарновлар янгиланмаган.

Аслида таъмирланган, аммо ҳамон муаммолардан қутула олмаётган уй биргина бу эмас. Шу кўчанинг 27-уйида истиқомат қилувчи Фарида Аннаеванинг айтишича, ёғингарчилик кунлари юқори қаватда жойлашган 7, 8, 15, 16-хонадонлардан чакка томади. Тарновлар тўлиб қолганидан оқова сувлар тошиб кетади.

Таъмирланган уйнинг томи алмаштирилмади. 1-йўлак олдига ўриндиқ ўрнатилмаган, ҳовлида, уйнинг кириш йўлаги ёнида чиқинди қутилари йўқ. Бетон ариқ янгиланмаган.

Шундай ҳолатларга 25 ва 29-кўп қаватли уйларда ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Суғдиёна массивидаги Али Қушчи кўчасида 8-кўп қаватли уй 2018-2019 йилларда «Қурилиш ва ободонлаштириш дирекцияси» давлат унитар корхонасининг қурувчилари томонидан таъмирланган. Ўз навбатида, 248 миллион сўмлик лойиҳа асосида ҳовлида айвон қурилган. Ертўла таъмирланиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари созланган.

- Уйни таъмирлашда анча камчиликларга йўл қўйилди, - дейди «домком» Сайёра Комилова. - Инспекция вакиллари сифатсиз ҳолича қабул қилиб олишди. Илгари 3-4 та хонадонда чакка ўтган бўлса, таъмирдан кейин бошқа хонадонлардан ҳам чакка ўтяпти. Ваҳоланки, лойиҳа бўйича қурувчилар томни тўлиқ янгилашлари керак эди.

Ободонлаштириш ишлари ҳам чала қолди. Дарахт ва гулларни суғориш учун сув насоси ўрнатилмади, 8 та ўрнига 5 та ўриндиқ ўрнатилди. Бетон ариқларни қайтадан қуриб берамиз, дейишганди, бу иш ваъдалигича қолиб кетди. Таъмирлашдаги бундай камчилик­лар шу кўчадаги 4-уйда ҳам мавжуд.

Гулистон номига муносиб бўладими?

Режа бўйича Сартепа массивидаги Гулистон маҳалласида жойлашган 15 та кўп қаватли уйнинг 11 таси таъмирланган. Бироқ ҳудуддаги 159-кўп қаватли уйнинг том қисми ўтган йили сифатсиз ёпилганлиги учун қурувчилар уни қайтадан амалга оширяпти. Тарнов ва уларни кўтарувчи мосламалар, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тизимлари, канализация тармоқлари янгиланмоқда.

- Ишчиларнинг аксарияти қурувчи-мутахассис эмас, - дейди Гулистон маҳалласи раиси Санжар Собиров. - Улар мардикор бозордан келган ёлланма ишчилар. Шунинг учун қилган ишлари сифатсиз, аниқ ҳисоб-китоб билан ишламайди.

Маълум бўлишича, 151, 152, 153, 154-кўп қаватли уйларда ҳам ишлар сифатсиз бажарилган. Аслида, буни бир қарашда илғаш мумкин. Ичимлик суви ва иссиқлик тармоқлари янгиланмаган. Айрим уйларнинг ертўласи захлигидан иссиқ кунларда юқумли касаллик ташувчи пашшаларнинг уясига айланган.

«Муродобод коммунал сервис» уй-жой хизмат кўрсатиш ширкати томонидан маҳалла марказида усти ёпиқ айвон қурилиб, ўриндиқлар ўрнатилган. Аммо ўриндиқларга ўтириш учун тахта қоқиш эсидан чиққан кўринади.

Хуллас, айрим кўп қаватли уйлардаги таъмирлаш ишлари хўжакўрсинга амалга ошириляпти. Наҳотки, сарфланаётган шунча маблағнинг уволидан қўрқадиган мутасадди топилмаса?!

Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
“Зарафшон” мухбирлари.