Кўприксиз каналлар, йўлсозлардан чала иш, тупроқ билан тўлдирилаётган “яма”лар
Ҳозир айтмоқчи бўлган муаммолар биргина Оқдарё туманининг Пилол қишлоғидаги ҳолатлар.
Қишлоқда жойлашган 7-умумтаълим мактабида маҳаллий ўқувчилардан ташқари Иштихон тумани билан чегарада жойлашган Чигирткали ва Тўғай қишлоқлари аҳолисининг 35 нафарга яқин фарзандлари ҳам келиб ўқишади.
Уларни бир муаммо қийнаб келади. Бу - мактаб йўлидаги иккита каналга қўйилган қўлбола кўприклардир.
Яқинда ўқувчи бола билан фожиа юз берди. У мактабга бораётиб, Пилол қишлоғига киришда ўтган каналнинг кўпригидан пастга йиқилиб тушди. Шундан сўнг тўғайликлар болаларини мактабга юборишга қўрқиб қолишди. Ушбу муаммони кўтариб, бир неча бор иккала туман раҳбарларига мурожаат қилдик. Аммо эътибор қаратилмади. Тўғай қишлоғи ёнидан ҳам яна битта канал оқиб ўтади. Унга ҳам кичикроқ бўлса-да, кўприк қуриб берилса, ўқувчиларнинг қатнашларига қулай бўлар эди.
***
Қишлоғимизни ичидан Ойтамғали маҳалласига қадар 2 километрлик ички йўлнинг асфальт қилинганига 30 йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, бирор марта таъмирланганини эслай олмайман. Ҳамқишлоқларимиз билан ушбу йўлни таъмирдан чиқаришларини сўраб, туман ҳокимига бир неча бор мурожаат қилдик. Ниҳоят, ўтган йили вилоят ҳокимига қилган мурожаатимиздан сўнг туман йўл қурилиши корхонаси ишчилари келиб, таъмирлаш ишларини бошлаганида роса хурсанд бўлган эдик. Бироқ кўчанинг 1 километри асфальт қилингач, ажратилган маблағ тугади, деган важ билан ишлар тўхтаб қолди. Қўшни маҳаллагача бўлган йўлнинг минг метр масофадаги қисмини тугатишларини сўраб қилган мурожаатларимиз бесамар кетди. Ҳозирда асфальт қилинган 1 километрлик йўл сифатсиз амалга оширилган экан шекилли, уйдим-чуқур бўлиб боряпти.
***
Яқинда йўлсозларнинг М-39 автомагистраль йўлининг қишлоғимиздан ўтган ҳудудида йўлнинг ўйдим-чуқурларини тупроқ билан тўлдираётганини кўриб, ҳайрон қолдик. “Кунлар исиб кетгач, асфальт билан ямаймиз, ёғингарчилик пайтларда эса шунақа усул қўлламасак бўлмайди”, дейишди.
Улар ёғингарчилик пайтида юк машиналари чуқурдаги тупроқни яна чиқариб ташлашини билмайдими? Шунингдек, йўловчиларнинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатувчи “Оқ йўл!”, “Йўлингиз бехатар бўлсин!” каби ёзувлар йўқолиб кетди. Магистраль йўл ёқасида жойлашган айрим маҳаллаларга киришдаги йўл кўрсаткичлар, реклама тахталари турлича ҳарфларда, ностандарт, қинғир-қийшиқ ёзувлар билан ёзилганига нима дейсиз?
Жамил Мажидов.