Оқдарёча “форсаж” - дарёдан шағал қазиб олаётган шахс экскаваторда қочиб қутулмоқчи бўлди

Оқдарё туманида туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат бўлими, вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорликда кучайтирилган рейд тадбирларини ўтказган.
Рейд давомида туманнинг "Пичоқчи" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Оқдарё дарёсининг муҳофаза зонасида ўзига тегишли бўлган экскаватор ёрдамида қум-шағал аралашмасини юк машиналарига ортиб бераётган шахс аниқланган.

Бироқ ҳуқуқбузар масъул ходимларнинг талабларига бўйсунмай воқеа жойидан қочишга уринган - дарё ичидаги саёз сув устидан экскаватор тезлигини ошириб қочиб кетишга ҳаракат қилган. ИИБ пост патрул хизмати ҳамда Миллий гвардия ходимлари иштирокида тўхтатилиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, экскаватор ашёвий далил тариқасида вақтинча сақлаш жарима майдончасига қўйилган.

Ҳуқуқбузарга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисмига биноан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблашнинг 20 баробарида, яъни 5 миллион 400 минг сўм жарима қўлланилган.

Вилоят экология бошқармаси вакилига кўра, ноқонуний шағал қазувчиларнинг назорат органларига бўйсунмай қочиб қолиш ҳолати биринчи марта учраётган эмас.