Коронавирус тарқалиши хавфи туфайли Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам Ҳайит намозини масжидларда ўқиш қолдирилди

Муқаддас рамазон ойининг якунланиши билан ўқиладиган ҳайит намози, коронавирус тарқалиши хавфи туфайли Қозоғистон масжидларида ўқилмайдиган бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси хабар қилди.

“Исломда барча байрам намоздан бошланади. Шариат ҳукмига биноан, Ҳайит намози жамоат билан ўқилиши шарт. Бироқ жорий йилда мамлакатда карантин билан боғлиқ бўлиб турган вазият туфайли Ҳайит намози масжидларда ўтказилмайди”, дейилган бошқарма хабарида.

Ҳайит намозини бир киши томонидан ўқилиши жоиз эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир мусулмон байрам тонгида ўз уйида қўшимча ад-Дуо намозини ўқиши мумкинлиги таъкиланган хабарда.

Худди шунга ўхшаш фатвони Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳам эълон қилди.

“Жорий йилда Ҳайит намози, коронавирус тарқалиши хавфи туфайли, майдон ва масжидларда ўқилмайди”, маълум қилди Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси вакили.