Коронавирусдан тузалгандан кейин пайдо бўладиган янги асорат ҳақида маълум қилинди
Коронавирус ҳар бешинчи беморнинг жигар фаолиятига таъсир қилади, бу ҳақда Хитойнинг Гонконг университети мутахассислари ўтказган тадқиқотлар гувоҳлик бермоқда.
Мутахассислар Гонконгда коронавирус инфекцияси билан касалланган, 22 ёшдан 52 ёшгача бўлган 1400 нафар беморнинг тиббий маълумотларини ўрганиб чиқдилар. Шифокорлар 23 фоиз беморнинг жигар фаолиятида жиддий салбий ўзгаришлар пайдо бўлганини аниқладилар, кўпчилик беморга интенсив терапия талаб этилди.
Тадқиқот натижаларига кўра, коронавирус билан касалланган беморларда реактив ёки ишемик гепатит ривожланиши мумкин. Шу билан бирга қабул қилинган дори-воситалари ҳам жигарга салбий таъсир этиши мумкин, ҳусусан, антибиотиклар, стероид ва вирусга қарши воситалар. Гонконглик мутахассислар, коронавирус инфекцияси билан касалланган кекса одамларда жигар хасталиги хавфи ошиши мумкинлиги ҳақида таъкидладилар.
Бир неча кун муқаддам Гонконг Политехник университети олимлари, эҳтимол коронавирус эволюция жараёнида мутацияга учрашни тўхтатган бўлиши мумкинлиги ва натижада инсон организмига мукаммал мослаша олганлиги ҳақида фикр билдирган эдилар. Мутахассисларнинг фикрича, айнан шу ҳолат уни янада юқимлироқ бўлишига имкон яратиб берган.